Урганч давлат педагогика институтида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда Ҳиндистон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан, шунингдек, республикамиздан ҳам бир қатор олимлар офлайн ҳамда онлайн тарзда иштирок этди.
Шунингдек, анжуманга вилоятдаги нафақат олий таълим, балки мактаб ва мактабгача таълим тизими вакиллари ҳам таклиф этилди.
– Илмий-амалий анжуман мамлакатимиз таълим тизимининг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга бўлган мавзу – таълим соҳасида ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш: муаммолар ва инновацион ечимлар мавзусига бағшланган бўлиб, бугунги тезкор тараққиёт даврида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, педагогик ёндашувларни замонавий талабларга мослаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Урганч давлат педагогика институти ректори, педагогика фанлари доктори Феруза Мадраҳимова. – Бугунги кунда замонавий таълим жараёнида педагогик ёндашувларни янгилаш, ўқувчиларнинг индивидуал психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўқитиш самарадорлигини ошириш долзарб масалалардан биридир. Шу боисдан, илм-фан ва амалий тажрибага асосланган ҳолда инновацион технологияларни жорий этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифадир.
Халқаро анжуман давомида тингланган маърузаларда асосан ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишда инновацион методларнинг ўрни ва роли ҳақида сўз борди. Бу йўналишдаги камчиликлар ва уларнинг ечимлари айтилди.
– Мазкур конференция педагогиканинг бутун дунёдаги ривожига ҳисса қўшади, – дейди Москва давлат лингвистика университетининг Аниқ ва гуманитар фанлар институти директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Чеслав Далетский. – Ахборот технологиялари билан боғлиқ масалалар бугунги кунда таълим соҳасида муҳим ўрин эгаллайди. Бу информацион технологиялар ва сунъий интеллектларнинг таълим соҳасидаги қўлланилиши билан боғлиқ. Бугунги анжуманда кўтарилган долзарб масала ахборот технологияларини таълим соҳасида илгари суриш ва унинг афзалликлари нималарда ўз аксини топишини аниқлашдан иборат. Олдинлари бирон маълумотни олиш учун узоқ масофалар босиб кутубхоналарга борар эдик. Ҳозир эса онлайн режимда ҳоҳлаган музей ёки кутубхонага кириб мутахассислардан истаган маълумотларни олиш имкониятлари мавжуд. Ўзбекистонда ҳам бундай имкониятларнинг кенгаяётгани илм-фан ривожида муҳим ўрин тутади. Биз ҳамкорликка ҳамиша тайёрмиз.
[gallery-22557]
Илмий-амалий анжуман олимларни илм йўлида бирлаштирди ҳамда илмий тадқиқот олиб бораётган изланувчиларга фикр алмашиш учун муносиб майдон ва катта имконият яратиб берди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари