Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, таълим ва илм-фан соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Жумладан, Қозоғистон Республикаси Семей шаҳрида жойлашган Шакарим университети билан ҳамкорлик алоқалари янги мазмун билан бойиб бормоқда. Яқинда филиалнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Қ.Атаназаров бошчилигида “Зооинженерия” кафедраси мудири Х.Маматов ҳамда “Ветеринария медицинаси ва фармакологияси” кафедраси мудири А.Камалова Шакарим университетига амалий сафар билан ташриф буюриб, ўзаро тажриба алмашиб қайтди.
Мазкур ташриф икки олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилди. Унинг асосий мақсади таълим жараёнини янада такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ўзаро академик алоқаларни янги босқичга олиб чиқишдан иборатдир.
Сафар давомида филиал профессор-ўқитувчилари Шакарим университети талабалари учун 30 соатлик ўқув машғулотини ташкил этди. Замонавий таълим методлари асосида ўтказилган ушбу дарслар ветеринария ва зооинженерия соҳаларига оид долзарб мавзуларни қамраб олди ҳамда талабалар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

Шунингдек, филиал талабаларидан бири академик мобиллик дастури доирасида Шакарим университетида ўқув жараёнларида иштирок этиб, халқаро таълим муҳитида билим ва тажрибасини бойитиш имкониятига эга бўлди. Бу эса талабаларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шакарим университети Қозоғистоннинг шимоли-шарқий ҳудудидаги йирик ва нуфузли олий таълим муассасаларидан ҳисобланади. Университетда минглаб талабалар бакалавриат, магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олади. Шунингдек, университет дунёнинг қатор давлатларидаги олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик қилиб, халқаро таълим майдонида ҳам ўз ўрнига эга.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.