ФОТОРЕПОРТАЖ
Рақамли технологиялар бўйича малакали кадрларга эҳтиёж ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда бу йўналишдаги ўқув юртларининг моддий-техник базасини кучайтириш, ёш мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
[gallery-15354]
Филиалда халқаро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Қирғизистон, Қозоғистон, Бангладеш, Беларусь, Туркия ва Озарбайжон давлатларида фаолият юритаётган 11 та олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома ва меморандумлар имзоланган. АҚШ, Германия мамлакатларининг нуфузли ОТМларидан таклиф этилган таниқли профессорларнинг “Маҳорат дарслари” ҳам ўқитувчи ва талабалар салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиш билан бирга уларда дунёнинг турли ОТМлари томонидан эълон қилинган халқаро грантларни ютиб олиш имкониятини оширмоқда. Мисол учун, филиалнинг “Ахборот технологиялари” кафедраси катта ўқитувчиси Сардор Хонтўраев Ҳиндистоннинг “Indian Technical and Economic Cooperation” университетига илмий стажировкага бориш учун грант ютиб олди. Яна бир ўқитувчи Ғиёс Пўлатов ҳам халқаро грант ғолиби сифатида Деҳли шаҳридаги олий таълим даргоҳида ўз малакасини оширди.
Таъкидлаш керакки, таълим даргоҳида ахборот-коммуникация технологиялари воситалари асосида ўқув-амалий машғулотлар олиб бориш учун барча шароит яратилган. Моддий-техник база билан ҳам етарли даражада таъминланган. Замонавий ахборот-ресурс марказида эса талабаларнинг мустақил изланиши учун зарур қулайликлар мавжуд.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзA