![](https://cdn.uza.uz/2021/12/02/14/15/c1OBQMXgVEYQ35VPO2FwxPbVkDWhIyZ0_normal.jpg)
Тошкент вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган профессионал таълим тизими такомиллашмоқда. Янгийўл агротехнологиялар техникуми ГИЗ-Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан профессионал таълим тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди.
Шу муносабати билан ташкил этилган тадбирда хорижлик ҳамкорлар «Ўрта Осиёда профессионал таълим – Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқиш соҳасида тизимли ёндашувларга кўмак» лойиҳасининг халқаро эксперти Фред Менс ва Теа Сипрашвили техникумда яратилган шароитлар билан танишди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур таълим даргоҳининг 2021/2022 ўқув йили учун ГИЗ-Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда «Нон, макарон, қандолат ва булка маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш техник-технологи» мутахассислиги учун ўқувчилар танлов асосида қабул квотаси шакллантирилди. Мазкур ташаббус доирасида таълим муассасасига Германия давлатидан ўқув амалиёти учун зарур техникалар, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник кимёвий назорат учун лаборатория жиҳозлари ва мини цех учун печь ва совитиш жиҳозларининг бир қисми олиб келинди.
Тадбир доирасида хорижлик мутахассислар ҳудудда фаолият юритаётган ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини ўрганиб, ёшлар малакасини ошириш бўйича ўз тавсия ва таклифларини билдирди.
А.Мусаев, ЎзА