Халқаро геодезистлар ҳафталиги ўз ишини бошлади
АҚШнинг Флорида штати Орландо шаҳрида Халқаро геодезистлар ҳафталиги ўз ишини бошлади. Унда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги мутахассислари ҳам иштирок этмоқда.
Агентлик матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу нуфузли тадбирда мамлакатимиз вакиллари биринчи марта иштирок этмоқда.


28 майдан 1 июнгача давом этадиган мазкур тадбирда Халқаро геодезистлар федерацияси томонидан геодезия, кадастр, фазовий маълумотлар тақдим этилади. Соҳага доир бошқа йўналишлар бўйича дунёнинг турли мамлакатларида эришилган ютуқлар, тажрибалар ҳамда муаммоли масалалар кўриб чиқилади. Халқаро геодезистлар федерацияга 1878 йил 18 июлда Парижда 7 та миллий ассоциация – Бельгия, Франция, Германия, Буюк Британия, Италия, Испания ва Швейцария делегатлари томонидан асос солинган бўлиб, ташкилот халқаро геоматиклар федерацияси сифатида танилган. Дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакати аъзо ушбу халқаро ташкилот бутун дунё геодезистлари манфаатларини ҳимоя қилади ва ўзаро тажриба алмашиш учун имкониятлар яратади.
Ш. Маматуропова, ЎзА