Халқаро экспертлар гуруҳи Уханьда нимани аниқлашди?
Хитойнинг Ухань шаҳрида коронавирус билан боғлиқ илк бемор пайдо бўлганига ҳам бир йилдан ошди. Инсоният бир йил давомида коронавирус тарқалишига қарши кураш олиб борди.
Энди дунё олимлари касаллик тарқалишига барҳам бериш баробарида вирус юзага чиқиши сабабини ҳам аниқлашга уринмоқда. Зеро, ҳар қандай муаммонинг илдизини топиш ўша масалани ҳал қилишда муҳим омил экани барчага аён.
Коронавирус пайдо бўлиши билан боғлиқ турли тахминлар илгари суриб келинмоқда. Айниқса,вирус лаборатория шароитида тайёрлангани ҳақидаги миш-миш кўпчилликда ҳавотир уйғотгани ҳам сир эмас.
Масалан, Американинг “Fox News” телеканали номи ошкор этилмаган манбага таяниб, коронавирусга учраган биринчи бемор Ухандаги лаборатория ходими бўлганини таъкидлаган.
АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп эса коронавирус урчиши сабабини Хитой лабораторияларидан қидириш кераклигини доимо очиқча айтган.
Хўш, Хитойнинг Ухань шаҳри ёки ўша машҳур лабораториянинг ҳақиқатан ҳам коронавирус пандемиясига алоқаси борми?
Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти халқаро экспертлар гуруҳи Хитойдаги сал кам бир ойлик хизмат сафарини ниҳоясига етказди. Улар хитойлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда COVID-19 келиб чиқиши бўйича тадқиқот олиб боришди.
Шу вақт ичида ЖССТ мутахассислари коронавирус илк бор қайд этилган Ухань шаҳри вирусология институтида, жумладан, ўта даражада ёпиқ ҳисобланган BSL-4 лабораториясида бўлишди. Ахир, вирус ушбу лабораториядан чиққани ёки COVID-19 сунъий яратилгани тўғрисидаги миш-миш қай даражада ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш кўп саволга ойдинлик киритарди. Қолаверса, коронавирус тарқалишига касалхоналар, денгиз маҳсулотлари сотиладиган "Хуанань" бозори, шунингдек хасталикларни назорат қилиш ва касалликларнинг олдини олиш марказлари ҳам сабаб қилиб кўрсатилаётган эди.
Куни кеча халқаро экспертлар Уханьда олиб борилган ишлар натижаси бўйича матбуот анжумани ўтказишди.
Экспертлар таъкидича, улар вирус тарқалишига Ухань шаҳридаги "Хуанань" бозори нечоғли алоқадорлигини аниқлай олмаган. Қолаверса, вирус мазкур бозорга айнан кўршапалаклар орқали кирганига оид фаразга ҳам далил топилмаган. ЖССТ миссияси аъзолари фикрича, кўршапалаклар шунчаки, оралиқ ташувчи вазифасини бажарган бўлиши мумкин.
ЖССТ делегацияси ушбу фаразни ҳали ўрганишда давом этиш нияти борлигини маълум қилган. Шу билан бирга вирус одамларга лабораториядан юққанига ҳам ишониб бўлмаслигини таъкидланяпти.
Коронавирус пайдо бўлиши сабабини яна қаердан излаш мумкин?
Аввал COVID-19 Ухандан олдин бошқа мамлакатларда, масалан, Италияда пайдо бўлгани хусусидаги фикр ҳам бор эди. “Бироқ ушбу фараз, ҳозирча, ўз тасдиғини топмади”, дея баёнот берди ЖССТнинг Уханда бўлиб қайтган халқаро миссияси аъзоси Марион Купманс.
"Биз бир неча газетада вирус 2019 йил декабрь ё ноябрь ойи охирида Италияда пайдо бўлгани ҳақида хабар берилганини аниқладик, лекин буни исботлаш жуда мушкул”, деди у матбуот анжуманида.
Купманс хонимнинг таъкидлашича, халқаро экспертлар гуруҳи асосий эътиборни, аввало, Уханда вирус тарқалишининг биринчи босқичи қандай кечганини билиишга қаратган. Олинган маълумотлар эса вирус билан боғлиқ илк хабар шаҳарда декабрь ойида пайдо бўлганини кўрсатмоқда.
Экспертлар вирус бошқа жойларда ҳам тарқалганига оид хабарларни оммавий ахборот воситаларидан, шунингдек нашр қилинган маълумотлар базасидан ҳам излашган.
COVID-19 инсонга тўрт хил усулда юққан бўлиши мумкин
ЖССТ экспертлари коронавирус қандай қилиб одамга ўтгани юзасидан тўрт эҳтимолий сабабни илгари сурмоқда.
Биринчиси - вирус тўғридан-тўғри одамга ўтган. Иккинчи фараз - вирус инсонга энг яқин бўлган оралиқ жонивордан ўтган бўлиши мумкин. Озиқ-овқат занжири учинчи фараз сифатида илгари сурилмоқда. Бунда, айниқса, вирус юқтириш манбаси сифатида музлатилган озуқа юзасидан одамга ўтгани кўп тилга олиняпти. Охирги тахмин эса лаборатория билан боғлиқ ҳодиса, дея талқин қилинмоқда.
Экспертлар барча фаразларни чуқур ўрганар экан, “вируснинг оралиқ ташувчи орқали ўтиши эҳтимоли” ишончлироқ эканини таъкидлашмоқда. Энди экспертлар ушбу версияни янада чуқурроқ ўрганишларига тўғри келади. Яна бир эҳтимоли юқори баҳоланаётган фараз – музлатилган озиқ-овқат юзасидан кўчиш. Бу фикр, ўз навбатида, яна бир фаразни, яъни вирус олисдан ташиб келинган бўлиши мумкинлигини келтириб чиқармоқда. Яна бир эҳтимол, бу - вируснинг тўғридан-тўғри кўршапалакдан ўтиши.
Лаборатория орқали инсонга ўтиш эҳтимоли жуда оз

"Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, вирус аҳолига лаборатория орқали ўтган, деган гап мутлақо ишончсиз. Шу боис, ушбу фараз биз ўрганишни тавсия қилаётган тахминлар рўйхатидан олиб ташланади", - дейди ЖССТ миссияси аъзолари. Демак, лаборатория билан боғлиқ баҳс-мунозара тўхтатилади.
COVID-19 Уханда пайдо бўлгани ҳам исботланмади
Ҳозирги мавжуд эпидемиологик маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, COVID-19 Ухандаги балиқ бозорида пайдо бўлганини исботлаш қийин, дейди Хитой соғлиқни сақлаш масалалари бўйича давлат қўмитаси COVID-2019 га қарши кураш бўйича экспертлар комиссияси раҳбари Лян Ваньнянь. Қолаверса, у COVID-19 Ухандан 2019 йил декабрь ойида тарқалганига ишора берувчи бирорта ҳам далил топилмаганини маълум қилган.
АҚШ эса ҳамон бошқача фикрда
АҚШ ЖССТни коронавирус пайдо бўлиши тафсилотини аниқлашда янада шаффоф бўлишга чақирмоқда.
Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс яқинда махсус брифинг ўтказиб, журналистларга Оқ уй ЖССТдан ушбу текширув бўйича тўлиқ маълумот баён қилинган ҳисобот кутиб қолишини айтган. Шунингдек, у дунё аҳли пандемиянинг бошланғич босқичи ҳақида кўпроқ билиши кераклигини эслатиб, бу инсониятга келгусида биологик фожеаларнинг олдини олишда асқотишини таъкидлаган.
ЖССТ экспертлари миссияси якуний хулосага келишдими?
Энг сўнгги хабарларда Хитой ҳукумати коронавирус биринчи бор тарқалгани ҳақидаги қайта ишланмаган маълумотларни беришдан бош тортгани айтилмоқда. Масалан, “Wall Street Journal” нашри экспертлар маълумотига таяниб ёзишича, айни маълумотлар вирусннинг тарқалиши билан боғлиқ илк жараён мамлакатда қачон ва қандай содир бўлганини аниқлашга ёрдам бериши мумкин эди.
Экспертлар Хитой ҳукумати 2019 йил декабрда Уханда қайд этилган касаллик тарқалиши билан боғлиқ дастлабки 174 ҳолат ҳақидаги маълумотни ЖССТга тақдим этмаганини ҳам маълум қилишди.
Хитой расмийлари ва олимлари айрим маълумотлар таҳлили ҳамда умумлаштирилган маълумотларни, шунингдек коронавирус пайдо булишидан бир неча ой аввалги тиббий ёзишмалар таҳлилини тақдим этган холос. Ушбу ҳисобот ёрдамида вирус тарқалишига доир илк далилларни топиш мушкул.
Масалан, ЖССТ эксперти, микробиолог Доминик Дуайернинг айтишича, ҳатто, бу борада ЖССТ ваХитой экспертлари ўртасида жиддий баҳс ҳам бўлиб ўтган.
Хуллас, ЖССТ комиссияси коронавирус Ухань лабораториясидан қочгани ҳақидаги мунозарага расман якун ясаганига қарамай, натижадан тўлиқ қониқмаганини айтишга уринаётганини илғаш мушкул эмас. Масалан, Жорж Мейсон университети тизимли биология мактаби профессори Анча Баранова мазкур текширув зўр ўтди, деб бўлмаслигини таъкидлаган.
"Ниманидир аниқлаш учун, Уханга ЖССТ ходимларини эмас, балки детективлар гуруҳини жўнатиш керак эди", - дея қўшимча қилган Баранова.
Энди бу гаплар нимани англатиши ҳусусида турли фикр, фараз ўртага чиқиши турган гап. Хуллас, коронавирус пандемияси келиб чиқиши билан боғлиқ баҳс-мунозарага ЖССТ миссиясининг Хитойга, хусусан Ухань шаҳрига қилган сафари ҳам узил-кесил якун ясолмайдиган кўринади. Қолаверса, ҳозир ҳамма учун офат келиб чиқишини аниқлаш эмас, балки вирусни тезроқ даф қилиш учун оммавий эмлаш жараёни ҳақидаги хабар муҳим. Бу ҳақда кейинроқ...
Саидмурод Раҳимов, ЎзА