Ҳар бир шахс фикр билдиришга ҳақли, аммо билдирилаётган фикримизга масъул, яъни жавобгар эканимизни унутмаслигимиз керак.
Бу АҚШнинг "Columbia journalism review" журнали мухбири, Жоржия университети доценти Жонатан Питерснинг фикрлари.
Ҳақиқатан ҳам бу фикрлар дунёсида етишмаётган энг муҳим жиҳат. Боиси бугунги кунда фикр айтишга иштиёқмандлар кўпайиб кетди. Кўп ҳолларда асосланмаган чиқишларни учратамиз, ҳаёлига келган гапни ижтимоий тармоқлар орқали оммага етказаётганларнинг эса саноғига етиб бўлмайди. Мана шу ҳолат, таъбир жоиз бўлса, тартибсиз жараён баъзан асосли фикрларни ҳам сояда қолдирмоқда. Бунинг ортида инсон шаъни, қадр қимматини паймол қилиш ҳолатлари учраётгани афсусли. Шу маънода оммага ҳавола этилаётган фикр учун масъулиятни ҳис этиш жуда долзарб масалага айланди.
Ачинарлиси, бу каби ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида ҳам йўқ эмас. Бу суд билан боғлиқ материалларга кўпроқ тааллуқли. Суди бўлаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар ёки фотосуратлар уларнинг рухсатисиз чоп этилиши, ҳали суд жараёни ниҳоясига етмай суд ҳақида хулоса чиқариш каби ҳолатлар учраётгани сир эмас.
Журналистларнинг суд жараёнларини ёритиш борасидаги кўникмаларини ривожлантириш ва малакасини ошириш бўйича ташкил этилган тренингда шу каби хато ва камчиликларни бартараф этишга эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда журналистлар, судьялар билан бирга халқаро экспертлар ҳам иштирок этди.
Тренингда АҚШнинг «Columbia Journalism Review» журналининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича мухбири, Жоржия университети доценти Жонатан Питерс, Буюк Британия Журналистлар қироллик институти вице-президенти, Лондон университетининг Голдсмит коллежи профессори Тим Крук ҳамда БМТ Тараққиёт дастури экперти Жеймс Бриндлей муҳокамаларга видеоконференцалоқа тизими орқали қўшилди.
Экспертлар суд жараёнларини ёритишда судга таъсир ўтказмаслик, инсон шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистонда ҳам айнан шу масалаларга эътибор қаратилмоқда. Аввало, жорий йилда Олий суд пленуми қарори билан журналистларнинг суд мажлисларида иштирок этиш қоидалари белгиланган. Эндиликда суд рухсати ва томонлар фикри инобатга олинган ҳолда журналистлар судда иштирок этиб, суд мажлисини фототасвирга тушириши, видеоёзувни амалга ошириши мумкин.
Бунгача эса журналистларни очиқ суд мажлисларига киритмаслик ҳолатлари кўп эди.
Тренинг давомида жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлар мисолида оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари, журналистлар томонидан суд биноларига кириш, суд ҳужжатларидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга оширишдаги процессуал ва аҳлоқий жиҳатлар тўғрисида мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда фикр билдирган судьялар айрим ҳолларда суд қарори қолиб судьянинг шахсини муҳокама қилиш ҳолатлари кўпайгани, бунда инсон шаъни, қадр-қимматига путур етказилаётгани ҳақида тўхталди.
Аслида журналист ҳам судья ҳам жамиятда бир мақсад сари – жамиятда адолат бўлиши учун интилаётган касб эгалари экани, аммо улар бир дарёнинг икки қирғоғида кетаётгандек таассурот қолдириши ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Бу икки қирғоқ ўртасида мустаҳкам кўприклар, яъни холис ҳамкорлик бўлсагина мақсадга эришиш мумкин.
Норгул Абдураимова, ЎзА