Халқаро экологик оромгоҳ иш бошлади
Юртимизда ўтказиладиган Бутунжаҳон ёшлар фестивали доирасида Самарқандда халқаро ёшлар эко-оромгоҳи лойиҳаси иш бошлади.
“Замин” халқаро жамоат фонди, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, ЮНИCЕФ, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида ўтказилаётган лойиҳада Марказий Осиё мамлакатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳамда Озарбайжон, Венгрия ва Туркиядан келган 60 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.
– Тадбирдан кўзланган мақсад иқлим ўзгаришига қарши курашда ёшларнинг ролини ошириш, ёш экофаолларга ўз таклиф ва ташаббусларини илгари суриш имкониятини бериш, ҳудудлараро ёшлар экологик ҳаракатининг интеграциялашувига кўмаклашишдан иборат, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутахассиси Дилмурод Йўлдошев. – Бу лойиҳа иккинчи бор ташкил этилмоқда. 2023 йилдаги эко-оромгоҳ давомида экологик муаммоларга бағишланган минтақавий стратегия ишлаб чиқилган эди. Жорий йилги дастуримизда ушбу стратегияни Туркий давлатлар ташкилоти вакиллари Озарбайжон, Венгрия ва Туркия мамлакатларидан сафимизга қўшилган фаоллар орқали бутун дунёга олиб чиқиш асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шунингдек, жорий лойиҳада иккита йўналишга муҳим аҳамият қаратилмоқда. Булар – иқлим ўзгаришларга қарши курашишда халқаро эковолонтёрларни тайёрлаш ва ёшлар мулоқоти учун халқаро платформа ташкил қилишдан иборат. Мақсадимиз ёшлар ўртасида иқлим ўзгаришларининг олдини олишга қаратилган ҳаракатларни ривожлантириш, уларнинг бу ҳақдаги билимларини ошириш орқали экологик муаммоларга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш, халқаро доирада ушбу масалада ўзаро фикрлашиш учун платформа ташкил қилишдир.
[gallery-17967]
Эко-оромгоҳ лойиҳасида семинарлар, халқаро экспертлар билан иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ кун тартибидаги долзарб мавзулар бўйича мунозаралар ўтказиш, шунингдек, “CОР-29” кўргазмасида мамлакатлар тақдим этишни режалаштираётган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш, уларда ёш эко-раҳбарлар иштирок этиши масалалари қамраб олинади.
Бугун иштирокчилар фаол гуруҳ машғулотлари, маҳорат дарслари ва экологик лойиҳалар муҳокамаси ўрин олган дастурларда иштирок этди.
Тадбир дастурига мувофиқ, меҳмонлар Самарқанднинг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойларида бўлиб, бой маданиятимиз билан яқиндан танишди.
Эко-оромгоҳ 30 июнга қадар давом этади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари