АҚШнинг Техас ва Канзас штатлари орасида 2017 йил октябрда кузатилган 829 километр узунликдаги чақмоқ узунлик бўйича янги жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда БМТ ҳузуридаги Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) баёнотида маълум қилинди.
“ЖМТ энг узун чақмоқ бўйича янги жаҳон рекордини қайд этди. АҚШдаги машҳур бўронлар ҳудудида ҳайратланарли 829 километр (515 миля) узунликдаги чақмоқ кузатилди. Бу улкан чақмоқ 2017 йил октябрда кучли момақалдироқ пайтида содир бўлиб, шарқий Техасдан Канзас-Ситигача бўлган ҳудудни қамраб олган. Бу масофа Европадаги Париж билан Венеция орасидаги масофага тенг. Бундай масофани босиб ўтиш учун автомобилга тахминан саккиз-тўққиз соат, тижорат самолётига эса камида 90 дақиқа керак бўлади”, дейилади ҳужжатда.
Исроил армияси 31 июль куни Ғазо секторининг шимолий қисмидан ўзининг элита қўшини бўлмиш 98-дивизиясини (“олов дивизия” деб ҳам танилган) олиб чиқиб кетди. Бу ҳаракат Исроилнинг ҳудудда олиб бораётган ҳарбий юриши ниҳоясига етаётганидан далолат бериши мумкин. Бу ҳақда Anadolu хабар берди. “Олов дивизияси” номи билан танилган 98-дивизия десантчилар ва қўмондонларнинг элита бўлинмасидир. У 2023 йил 7 октябрда Исроилнинг Ғазога қарши уруши бошланганидан бери бир неча бор секторга жойлаштирилиб, олиб ташланган.
Токио ва Синшу университети олимлари генетик модификация қилинган вирус асосида янги тери саратони дорисини ишлаб чиқди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб Anadolu хабар берди. Маълум қилинишича, мазкур усул “вирус терапияси” деб аталиб, вирус фақат саратон ҳужайраларида кўпайиб, уларни нишонга олади ва соғлом ҳужайраларга зарар етказмайди.
Хитой Қозоғистонда иккита атом электр станцияси (АЭС) қуради. Бу ҳақда мамлакат бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари ва лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шунинг учун қурилишнинг аниқ нархи ҳали номаълум.
Япониянинг Акита префектурасида ногиронлар учун мўлжалланган муассасага айиқ ҳужум қилди. Йиртқич ҳайвон 73 ёшли аёлга ташланди. Бу ҳақда NHK хабар берди. Жабрланувчи зудлик билан шифохонага олиб кетилган. Ҳеч ким айиқнинг муассаса ҳудудига қандай кирганини кўрмаган. Бироқ ҳужум жараёни видео кузатув камераларига қайд этилган. Полиция ва қутқарув хизматлари воқеа жойига етиб келганида, айиқ аллақачон ҳудудни тарк этган бўлган.
АҚШ Давлат департаменти 31 июль куни Фаластин ҳукумати ва Фаластин Озодлик ташкилотининг айрим расмийларига виза чекловини жорий этди. Санкцияга учраган расмийларнинг исмлари очиқланмаган бўлса-да, улар тинчлик музокараларига тўсқинлик қилаётганликда ва терроризмни қўллаб-қувватлаётганликда айбланди. Бу ҳақда Daily Sabah хабар берди. Фаластин ҳукумати ва Озодлик ташкилоти фаластинликларнинг расмий вакиллари бўлиб, узоқ вақтдан бери халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларни ушбу давлатни тан олишга ундаб келади. Давлат департаменти баёнотида айтилишича, бу чоралар миллий хавфсизлик манфаатлари доирасида амалга оширилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/qrC-0gNEQPM?si=MVpOTj_8HTOOZlNV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА