Исроил ҳарбий ҳаракатлар кучайиши сабабли Ғазо шимолидаги баъзи ҳудудлардан фаластинликларни эвакуация қилишга буйруқ берди. Ғазо шаҳри ва Жабалия ҳудуди аҳолисига ал-Мавосий қирғоқ бўйи ҳудудига кўчиш буюрилган. Бунга Исроил ҳарбий амалиётлари “ғарбга қараб кучайиб ва кенгайиб бораётгани” сабаб қилиб кўрсатилган.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг миграция сиёсати доирасида Флоридада атрофи тимсоҳлар билан тўла иммиграция маркази қурилади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва экологлар қурилишга қарши норозилик билдирмоқда. Мигрантларни сақлаш марказини қуриш ташаббуси Флорида штатидаги бош прокурор Жеймс Утмаерга тегишли. Қурилаётган объект аллақачон “Тимсоҳли Алкатрас” деб аталмоқда.
Покистонда кучли ёмғир ва сел келиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 32 кишига етди. Мамлакатда содир бўлган сўнгги сув тошқини ва том босиб қолиши 19 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Қурбонларнинг 8 нафари болалардир. Жами ўлимларнинг 13 нафари Сват водийсида қайд этилган. Шарқий Панжоб провинциясида 25 июнь кунидан бери камида 13 киши ҳалок бўлган.
Хитой электр станцияларини ишдан чиқариб, электр таъминотини тўлиқ узиб қўйишга қодир қуролни яратди. Унинг анимацион видеоси давлат телеканалида намойиш қилинди. Бу қурол душманнинг бошқарув ва назорат тизимларини ишдан чиқариб, камида 10 минг квадрат метр майдонда кенг кўламли электр узилишларини келтириб чиқариши мумкин. Қуролнинг номи ёки аниқ тури ошкор этилмаган. У акс этган видеода қурол “мамлакатда ишлаб чиқарилган сирли ракета тури” деб аталган.
АҚШнинг авиаҳужумларидан олдин Эрон 9 та атом бомбасини яратишга етарли миқдордаги уран захирасини яшириб қўйган бўлиши мумкин. Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) ва бир қатор Европа давлатлари Эронда авиаҳужумлар содир бўлишидан аввал мавжуд бўлган 400 килограммдан ортиқ 60 фоизгача бойитилган ураннинг кейинги тақдири ҳақида аниқ маълумотга эга эмас. Бунга Ғарб мамлакатларининг ядро дастурлар билан шуғулланган ҳозирги ва собиқ амалдорлари билан ўтказилган суҳбатлар асос бўлади.
Эроннинг етакчи шиа уламоси Носир Макарам Шерозий 29 июнь куни АҚШ президенти Дональд Трамп ва Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга қарши диний фатво чиқарди. Фатвога кўра, ислом умматининг (яъни, бутун мусулмон дунёсининг) бирлигини хавф остига қўядиган ёки раҳбариятига қарши чиқадиган ҳар қандай шахс ёки давлат “моҳареб” — яъни Аллоҳга қарши уруш очган одам сифатида баҳоланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7U1DYAQNl28?si=it63vKSSPWG7ZfO7" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА