Польшанинг Осина қишлоғидаги маккажўхори даласига 20 августга ўтар кечаси Россия дрони қулаб тушди ва портлади. Портлаш юз берган ҳудуд Украина билан чегарадан тахминан 100 километр ва Беларусь билан чегарадан 90 километр узоқликда жойлашган.
АҚШнинг Род Айленд штатида деярли 40 йил судьялик қилган ва Caught in Providence (Провиденсда қўлга олинганлар) кўрсатуви орқали дунё бўйлаб машҳур бўлган судья Фрэнк Каприо 88 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда CNN хабар берди. Унинг ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифаларида ёзилишича, Каприо ошқозоности бези саратонига қарши узоқ ва мардона курашдан сўнг вафот этган. Бу мазмундаги постлар интернетда 20 август куни эълон қилинган. У ўтган ҳафта Facebookда қисқа видео жойлаб, ўзини бир оз ёмон ҳис қилаётганини ва яна шифохонага ётқизилганини билдириб, одамлардан унинг ҳаққига дуо қилишини сўраган эди.
Нигерияда сўнгги кунларда ёғган кучли ёмғир оқибатида юзага келган тошқин камида 47 кишининг умрига зомин бўлди, 56 мингдан ортиқ одам эса бошпанасиз қолди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга таяниб, Anadolu хабар берди. Расмий маълумотларга кўра, тошқин 339 та маҳалла ва қишлоқдаги 7754 та хонадонга зарар етказган. 30 киши уй томининг босиб қолиши оқибатида, яна 17 киши эса сувда чўкиб, ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 70 киши жароҳатланган, 257 бош қорамол нобуд бўлган.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Халқаро жиноий суд (ХЖС)га босимни кучайтирмоқда. Хусусан, Давлат департаменти 20 август куни суднинг 2 нафар судья ва 2 нафар прокурорига қарши санкциялар жорий этганини маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди. Таъкидланишича, улар америкаликлар ҳамда исроилликларга нисбатан тергов ва жиноий иш очиш жараёнларида фаол иштирок этганликда айбланмоқда. Санкциялар доирасида суд расмийлари АҚШ ҳудудидаги активларидан маҳрум қилинган. ХЖС бу қарорни “суд мустақиллигига очиқ ҳужум” дея қораламоқда. Бу пайтда, БМТ ҳам Қўшма Штатларнинг ушбу ҳаракатларидан хавотир билдирган. Исроил эса қарорни олқишламоқда.
Буюк Британияда 18 ёшли қиз каламушларини “рассом”га айлантириб, уларнинг суратларини сотиш орқали даромад топмоқда. Бу ҳақда The Sun хабар берди.
Элла Вудланд каламушлар яратган ҳар бир асардан 500 фунт стерлинггача (тахминан 672 доллар) фойда кўради. Кемирувчилардан “ижодкор” сифатида фойдаланиш ғояси унга 2025 йил февраль ойида келган. Қиз саккизта уй ҳайвони — Гублер, Румпел, Рид, Хотч, Морган, Люк, Росси ва Гидеонни акварел ва бўёқлар суртилган холстларда югуртириб, абстракт расмлар олишни бошлаган. Вудланд ушбу мини-асарларни онлайн сотувга қўйган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/uh03btUlwQQ" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА