Украина қуролли кучлари Астрахан вилоятидаги “Оля” денгиз портига ҳужум қилди. Мазкур порт Эрондан Россияга қурол-яроғ етказиб бериш учун фойдаланилган. Бу ҳақда Украина армияси Бош штаби маълум қилди. Портдаги Shahed дронлар учун бутловчи қисмлар ортилган “Порт Оля 4” номли кемага 14 август куни зарба берилган.
Буюк Британиянинг Манчестер аэропортида 15 август куни эрталаб 2 та EasyJet самолёти тўқнашиб, қанотлари тирналиши сабабли барча парвозлар қисқа муддатга тўхтатилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди. Маълум қилинишича, ҳодиса самолётлар учиш йўлагига кираётганда содир бўлган. Париж ва Гибралтар йўналишидаги самолётлар маҳаллий вақт билан тахминан соат 06:30 да бир-бирига тегиб кетган. Ҳодисада ЭЗЙ2267 (Манчестер—Гибралтар) ва ЭЗЙ2117 (Манчестер—Париж Чарлес де Гаулле) рейслари ўзаро тўқнашган. Бортдаги йўловчиларнинг ҳеч қайсисига жароҳат етмагани хабар қилинмоқда.
Туркия яқинда имзоланган мудофаа шартномаси доирасида Сурияни қурол-яроғ, ҳарбий техника ҳамда моддий-техник ёрдам билан таъминлайди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги вакилларига таяниб, Euronews хабар берди. Бир неча кун аввал Туркия мудофаа вазири Яшар Гюлер ва Сурия мудофаа вазири Мурҳаф Абу Қаср ҳарбий тайёргарлик бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Ушбу ҳужжат Туркиянинг Сурия ҳукуматини қўллаб-қувватлашини янада кучайтириши кутилмоқда.
Ҳиндистонда бир аёл Labubu қўғирчоқни Худо деб ўйлаб, унга ибодат қила бошлади. Бу ҳақда NDTV хабар бермоқда. Тарқалган видеотасвирда аёл Labubu қўғирчоқ олдида анъанавий ҳинд маросимларини ўтказиб, прасад назр қилмоқда ва чуқур ҳурмат кўрсатаётганини кўриш мумкин. Хабар муаллифининг айтишича, аёлнинг қизи онасига Labubuнинг хитой худоси эканлигини айтган. Буни эшитган она дарҳол ўйинчоққа сиғина бошлаган.
Мексикада 4 минг долларлик сунъий интеллектли робот ит Монтеррей шаҳри кўчаларида сайр қилмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Ит эгаси сенатор Уолдо Фернандес ҳисобланади. Робот ҳар куни атрофдагиларга жонворларга ғамхўрлик қилиш қанчалик муҳимлигини эслатиб туради. У ташқи кўринишидан ҳақиқий уй ҳайвонига ўхшамаса-да, аллақачон шаҳар аҳолисининг эътиборини қозонишга улгурган. Бўйи деярли бигл зотидаги итдек келадиган кулранг робот “самимий овоз” билан: “Салом, мен Уолдогман. Мен забонсизларга — кўчада яшовчи жониворларга овоз бериш учун шу ердаман”, дея мурожаат қилади.
АҚШ президенти Дональд Трaмп Исроил халқаро журналистларга қамал остидаги Ғазога кириб, ишлашга рухсат бериши лозимлигини айтди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди. Исроил 2023 йил октябридан бери хорижлик журналистларга Ғазога киришни тақиқлаб қўйган. Фақатгина айрим ҳолларда яҳудий армияси билан чекланган медиа сафарлар ташкил этилмоқда. Ҳозиргача Ғазодаги асосий маълумотлар маҳаллий фаластинлик журналистлар орқали келмоқда. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасига кўра, уруш бошланганидан бери анклавда камида 184 нафар журналист Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/bWHrB5Jkfco" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА