Исроил армияси зарурат туғилганда Россия томонидан Эронга етказиб берилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини нишонга олади. Бу ҳақда Исроил Молия вазирлиги расмийси хабар берди. Эрон 2003 йилданоқ Россия ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олишга қизиқиш билдирган. 2016 йил баҳорида Теҳрон S-300 зенит-ракета комплексларининг биринчи партиясини олган эди. Бу тизимлар 2017 йилда жанговар навбатчиликка қўйилган.
Украина президенти Владимир Зеленский 23 июль куни Туркияда Киев ва Москва ўртасида тинчлик музокараларининг янги раунди бўлиб ўтишини маълум қилди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди. Зеленский Украина Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Рустем Умеров билан музокараларга тайёргарлик кўриш ва асирлар алмашиш масаласини муҳокама қилган. Зеленский дипломатлардан бўлажак музокаралар халқаро форматда бўлишини сўраган. Россия томони эса Киевнинг таклифига дарҳол изоҳ бермаган. Бироқ рус ахборот агентлиги манбалари музокаралар 24—25 июль кунлари бўлиб ўтишини хабар қилган.
Россия чегарачилари телефонида террористик ёки экстремистик ташкилотлар ҳамда “радикал каналлар”га обуна бўлгани аниқланган Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларини мамлакатга киритмади. Бу ҳақда “ТАСС” хабар берди. Мазкур ҳолатлар билан боғлиқ 20 дан ортиқ суд материаллари ўрганиб чиқилган. Ҳужжатлардан бирига кўра, Ўзбекистон фуқароларидан бири радикал қарашли диний блогерлар каналларини ва террорчилик ташкилотлари фаолиятини акс эттирувчи видеоларни томоша қилгани сабабли Россияга киритилмаган.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти Мартин Лютер Кингнинг ўлдирилиши бўйича Федерал қидирув бюроси ҳужжатларини ошкор қилди. Бу ҳақда Миллий разведка директори маълум қилди. Қотилликдан қарийб 60 йил ўтиб, у билан боғлиқ 230 мингдан ортиқ ҳужжат эълон қилинди. Улар шахсий ҳаёт дахлсизлигини сақлаш мақсадида минимал даражада таҳрирланган. Ҳужжатлар орасида ФҚБ тергов тафсилотлари ва ички ёзишмалар ҳам мавжуд.
Флорида университети олимлари иммунитет тизимини кучайтириб, саратонга қарши курашишга ёрдам берадиган экспериментал мРНК вакцинасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда New Atlas нашри хабар берди. Янги вакцина кимётерапия, жарроҳлик аралашуви ва нур терапияси каби оғир муолажаларга эҳтиёжни камайтириши мумкин. Олимлар коронавирус вакцинасининг вазифасига ўхшаш “универсал” препарат яратган. У иммун ҳужайраларга буйруқ бериб, саратон ўсимталарига биргаликда ҳужум қилишни фаоллаштиради.
Афғонистондаги “Толибон” ҳаракати жамоат жойларида кийиниш қоидаларига амал қилмаган аёлларни ҳибсга олмоқда. БМТ эса аёлларнинг ҳуқуқлари поймол бўлаётганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
“Ушбу ҳодисалар аёллар ва қизларни янада изоляциялашга, қўрқув муҳитини яратишга ва жамоатчилик ишончига путур етказишга хизмат қилади”, деди БМТ “Толибон”нинг аёлларни ҳибсга олишига билдирган муносабатида.
БМТ “Толибон” ҳукуматини аёллар ва қизларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини чекловчи, жумладан олтинчи синфдан кейинги таълимни тақиқловчи сиёсатни бекор қилишга чақирди. Ташкилотнинг Афғонистондаги миссияси 16 июлдан 19 июлгача Кобулда кўплаб аёллар ва қизларнинг ҳибсга олинганини маълум қилган. Хусусан, ҳибсга олинганлар ҳижоб ёки исломий рўмол ўраш қоидаларига риоя қилмагани очиқланган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kZwAsMD6z0Y" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА