Бу йилги ҳаж мавсумида илк бор Фалкон номли ўт ўчирувчи ва қутқарувчи дрон ишга туширилади. Сунъий интеллект билан жиҳозланган дрон баланд тоғларда ёки чеккароқ ҳудудларда ёнғинларни ўчириш ва қутқарув ишларини олиб боришга мўлжалланган. У юқори баландликларда 12 соатгача парвоз қилиб, тахминан 40 килограммгача юк кўтариши мумкин.
Дрон ҳодиса жойидан жонли эфирга узатиш имкониятини ҳам беради. Унинг асосий афзалликлари тезкор жавоб бериш, ходимлар учун хавфни камайтириш ва реал вақт режимида тасвирга олиш орқали қарор қабул қилиш имкониятларидан иборат.
АҚШнинг Флорида штатида олти ёшли бола ўлик ҳолда топилди. Марҳумнинг онаси “жин чиқариш” учун фарзандини ўлдириб қўйганликда айбланмоқда. Рамил Пьер 14 майдан бери мактабда кўриниш бермаган. Шу сабабли мактаб ходимлари илтимосига биноан полиция боланинг уйини текширишга борган. Олти ёшли бола ётоқхонада жонсиз ҳолда топилган. Унинг онаси — 31 ёшли Ронда Полинис — иккинчи даражали қотиллик, ўлим ҳақида хабар бермаслик ва жасадни ўзгартириш айбловлари билан ҳибсга олинган.
Аёл тергов давомида “Худо унга болани жинлардан озод қилишни” буюрганини айтган.
Ирландия қирғоқлари яқинида 1787 йилда сирли тарзда чўкиб кетган Британия кемаси қолдиқлари топилди. Маълум қилинишича, Реcоверй кемаси бундан 350 йил муқаддам Италиядан Ирландияга кетаётганда чўкиб кетган. Кемада олти киши, жумладан, капитаннинг икки ўғли ҳам бўлган. Уларнинг ҳеч бири тирик қолмаган. Кема ирландиялик банкир Жон Ла Тушга тегишли қимматбаҳо мармар ва бронза буюмларни олиб кетаётган эди.
Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Россиянинг бир қанча минтақаларидаги аэродромларга қарши ўтказилган «Паутина» операцияси давомида Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизи шикастланганини маълум қилди. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган самолётларнинг тахминий умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади.
Аввалроқ Россиянинг 41 та самолёти, жумладан стратегик А-50, Ту-95 ва Ту-22М3 самолётлари шикастлангани ҳақида хабар берган эди. Улардан мунтазам равишда Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган, дея таъкидлайди Киев.
Украина президенти Зеленский ўз нутқида Россия ҳарбий аэродромларига учувчисиз учоқлар ёрдамида амалга оширилган йирик ҳужум – «Паутина» операциясида иштирок этганларга миннатдорчилик билдирди.
«Хавфсизлик хизматига, шахсан генерал Малюкка, шунингдек, операцияда иштирок этган барчага раҳмат. Биз операцияни бир ярим йилдан кўпроқ вақт давомида тайёрладик. Режалаштириш, ташкил этиш, барча тафсилотлар мукаммал тарзда тайёрланган. Ишонч билан айтиш мумкинки, бу мутлақо ноёб операция», — деб ёзган давлат раҳбари ижтимоий тармоқларда.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир ал-Буршнинг айтишича, Исроил қамал остидаги ҳудудга гуманитар ёрдам олиб кетаётган 3000 га яқин юк машинасининг кириб келишига тўсқинлик қилмоқда. Ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган баёнотда Бурш Исроил минтақада АҚШ кўмагида «қотилликлар» содир этаётганини айтди.
Ғазодаги шифохоналарнинг дори-дармон тақчиллиги сабабли «аянчли» аҳволда эканлигини таъкидлаган Бурш: «Ҳозирда Аришда тиббий ёрдам кутаётган 3000 юк машинаси Исроил томонидан тўсиқлар туфайли Ғазога кира олмаяпти» деди.
Ғазо ҳукумати матбуот бюросига кўра, 27 майдан бери ёрдам тарқатиш пунктларида 49 фаластинлик ўлдирилган, 305 нафари яраланган. Биргина 1 июнь куни Рафаҳ ва Ғазо марказидаги ҳужумларда 32 киши ҳалок бўлди, 250 дан ортиқ киши яраланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FDnIvkYP8iM" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА