Ўтаётган ҳафта халқаро сиёсат майдонида икки муҳим ташриф кузатилди. Бири АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг Киевга кутилмаган ташрифи бўлса, иккинчиси Россия Президенти Путиннинг эски қадрдони Си Цзиньпин билан учрашуви.
Дастлаб 61 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам тасдиқлангандан сўнг, Украинага Қўшма Штатларнинг илк расмий вакили ташрифи хусусида. Мулозим 14 май куни Киевга поездда келишини таҳлилчилар оғир вазиятда қолган украиналикларни қўллаб-қувватловчи сигнал, дея баҳоладилар. Айни шу кунларда Украинанинг иккинчи йирик шаҳри Харьковда жиддий йўқотиш кузатилгани маълум. Шаҳар атрофидаги бир неча қишлоқ рус аскарлари томонидан эгалланган. Томонлар фронтдаги ўзгариш ва АҚШ ёрдами урушга қай даражада таъсир қилишини муҳокама қилган. Блинкен ташрифидан сўнг қўшимча яна 1 миллиард долларлик қурол-яроқ учун ҳарбий пакет эълон қилинди. Хуллас, сафар АҚШнинг Украина билан бирдамлигини ифоладаловчи юриш бўлгани таъкидланган.
16 май куни эса Си Цзиньпин эски дўсти Путинни Пекинда кутиб олди. Бу Россия раҳбарининг қайта сайлангандан кейинги биринчи расмий сафари. Икки кунлик учрашувнинг асосий мазмуни стратегик ҳамкорлик ва савдо алоқасини мустаҳкамлашдан иборат. “BBC” нашри хабар беришича, иттифоқчилар Яқин Шарқ ва Украинадаги инқироз мавзусига ҳам қисман тўхталган.
– Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракати учун Хитойдан миннатдормиз. Ҳар икки томон вазиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш тарафдори, – деган Путин.
ХХР Раиси яна бир бор позициясини – ушбу масала бўйича аниқ ва изчил сиёсатга эгалигини, БМТ низоми тамойилига риоя қилишини таъкидлади, Европада тинчлик ва барқарорлик тезроқ тикланишига умид билдирди.
Шунингдек, Си Цзиньпин БМТ резолюциясида кўрилаётганидек, Фаластиннинг мустақил давлат сифатида тан олинишини қўллаб-қувватлади.
Уруш нуқтасига боғлиқ қолган тафсилот ва ёпиқ эшик ортидаги муҳокама тавсифи бизга маълум эмас.
Баъзи таҳлилчилар Путин икки кунлик сафари давомида Хитойга табиий газ сотиш масаласини кўтарган, дея тахмин қилишди. Жумладан, тўхтаб қолган “Сибир кучи-2” газ лойиҳасини давом эттиришни хоҳлагани, “Газпром” Европада йўқотган бозорни Хитойдан топмоқчи бўлгани айтилди. Шунингдек, АҚШ Хитой электр транспорти воситаларига тарифни 4 баробар оширгандан кейин, бундай техника Россияга йўналтириладиган бўлди. Ўзи шундоқ ҳам Россияга Хитой автомобиллари ва эҳтиёт қисмлари экспорти кескин ошаётган эди. Масалан, айни кўрсаткич 2023 йил 23 миллиард долларга етган.
Охирги йилларда Хитой ва Россия ўртасидаги савдо ўсганига қарамай, сўнгги ойларда экспорт кўрсаткичи пасайгани кузатилди. Санкция босими кучайиши асносида Хитойнинг Россияга экспорти март ойида қарийб 16 фоиз камайди. Бу 2022 йил ўрталаридан бери қайд этилган биринчи манфий нисбат.
Учрашув якунида ахборот агентликлари ва савдо ташкилотлари ўртасида меморандумлар имзоланди. Путин ҳафта бошида “Синьхуа” агентлигига берган интервюсида Украина билан музокарага очиқлигини айтган. Шу билан бирга у Россия манфаати ҳам ҳисобга олинишини хоҳлайди.
Ғарб сиёсатчилари Зеленскийни Россия билан музокара ўтказишга кўндирмоқчилиги маълум қилинди. Бу ҳақда “Europe-1” радиоси номини айтмаган манбага таяниб хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, Хитой Халқ Республикаси Раиси ўтган ҳафта Европада бўлиб қайтган эди.
Нетаньяху Рафоҳдаги ҳужумни кенгайтирмоқчи Исроил нашрлари маълум қилишича, Яҳудий армияси Рафоҳ шаҳрига қўшимча куч жўнатган, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги уруш давом этишини билдирган.
Жанубий Африка эса Халқаро суддан Ғазо жанубидаги ҳарбий кучлар тўлиқ ва зудлик билан олиб чиқилишини сўради. Ўз навбатида Исроил суддан Жанубий Африканинг барча сўровлари рад этилишини сўраган. Жабалия лагери тинимсиз ҳужумга учрамоқда. Борган сари ҳудудни ташлаб кетаётганлар сони ортяпти.
<iframe width="866" height="487" src="https://www.youtube.com/embed/5SCS15CHPrU" title="Xalqaro dayjest: Eski doʻstlar uchrashuvi, olib qochilgan qonun va davomli urushlar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Тугаётган ҳафта Словакия Бош вазири Роберт Фико аҳоли билан учрашув вақти кўчада отиб кетилди. Бемор ҳарбий жарроҳлик амалиётидан кейин жонлантириш бўлимига ўтказилган.
Сингапурнинг кўп йиллик Бош вазири Ли Сян Лунг истеъфога чиқишини маълум қилди. 20 йилдан сўнг Ли лавозимини ўринбосари – молия вазири Лоренс Вонгга топширади. Бу ҳақда “BBC” хабар берди.
Биринчи рақамли мулозимнинг кетиши Сингапур сиёсий майдонида жиддий ўзгариш юз бераётганини билдиради, чунки Ли Сян Лунг 1965 йил мамлакат мустақилликка эришгандан кейинги, атиги, учинчи Бош вазир ҳисобланади. Унинг отаси Ли Куан Ю мазкур орол-шаҳар-мамлакатнинг илк етакчиси, замонавий Сингапур асосчиси ҳисобланади.
Янги ҳукумат раҳбари аҳоли ва ночор қатлам эҳтиёжини инобатга олган ҳолда, янада инклюзив Сингапурни барпо этишга ваъда берган.
Маҳаллий ОАВга кўра, Тайвань парламентида тартибсизлик кузатилган. Ислоҳот муҳокамаси чоғида депутатлар бир-бири билан жанжаллашган. Ноиблардан бири муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасини олиб қочган.
Сардорбек Поёнов, Нишонбой Воитов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА.