Халқ вакили кўмагида фуқаро уйли бўлди
Маҳаллий Кенгаш депутатлари аҳолига энг яқин ва ҳудуд муаммоларидан хабардор вакил ҳисобланади. Уларнинг фаоллиги, амалий ишлари аҳоли муаммоларининг ҳал этилишига, ҳудудлардаги турли масалалар ечимига хизмат қилади.
Бу борада “Адолат” СДПдан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатларнинг айрим амалий натижаларига тўхталсак.
Қўқон шаҳар “Ат-Термизий” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Боғи Раҳмат кўчаси 43-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Аброржон Мамаюсупов жазо муддатини ўтаб келди. Умр йўлдоши вафот этган, тўрт нафар фарзанднинг отасига яқинлари билан бирга яшашга шароит йўқ, ҳовли торлик қилди. У “Адолат” СДП Қўқон шаҳар Кенгашига уй-жой масаласида ёрдам беришларини сўраб, ариза билан мурожаат қилган.
Партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида Қўқон шаҳар Кенгаши раиси А.Аҳмаджонов, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Ж.Усмонов мурожаатчининг яшаш шароити билан танишдилар. Ҳолат юзасидан шаҳар “Халқпарвар” комиссиясига депутатлик сўрови юборилди. Мутасаддилар вазиятни ўрганиб, ўз хулосаларини беришди. Фуқаро мурожаати ижроси таъминланди. Фуқарога шаҳар ҳокимлиги томонидан “Истиқлол” МФЙ Чарбоғ кўчасида жойлашган хонадон калити топширилиб, номига расмийлаштириб берилди. Ҳозирда хонадонда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. А.Мамаюсупов эса хусусий мебель цехида меҳнат фаолиятини бошлади.
Шунингдек, шаҳарнинг “Мисгарлик” МФЙ Баковул кўчаси 35-уйда яшовчи Н.Комилованинг мурожаати ҳам ижобий ечим топди. Онахоннинг фарзанди Улуғбек 1-гуруҳ ногирони. Ногиронлик аравачаси зарурати юзасидан партия шаҳар кенгашига мурожаат қилган. Кенгаш раиси А.Аҳмаджонов томонидан болажонга ногиронлик аравачаси етказиб берилди.

Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Абдурауф Аҳмедов ҳам фаол депутатлардан. У ўзи сайланган ҳудуддаги ободонлаштириш ишларига бош-қош бўлди. Депутатнинг ташаббуси билан шаҳарнинг “С.Айний” МФЙ “Ҳайдаробод” массиви кўчаларининг жами 2.5 км йўли ҳамда “Бобойи ҳақдўст” қабристонига борадиган йўллари тозаланиб тартибга солинди, шағаллаштирилиб, махсус техника ёрдамида текисланди.

ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова тайёрлади.