Халқ ва армия – бир тану бир жондир
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида O’zLiDeP Жиззах вилояти кенгаши Ёшлар ва бизнес тузилмалари билан ишлаш бўлими ташаббуси билан жойларда мамлакатимиз Мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида қатор маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.
Жиззах ҳарбий гарнизони маданият саройида “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ф.Нигматова, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси, O’zLiDeP Жиззах вилояти кенгаши раиси ўринбосари Ф.Одилов, партия фаоллари, “Ёшлар қаноти” гуруҳи аъзолари, ҳарбий қисм офицер, сержант ва аскарлари ҳамда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

– Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, мамлакатимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучларининг ҳарбий жанговар қудратини ошириш ва маънавий салоҳиятини юксалтириш, “Халқ ва армия – бир тану бир жондир!” тамойилини рўёбга чиқариш сиз ва бизнинг асосий мақсадимиздир ва ана шу “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” эзгу ғоя, ягона мақсад йўлида ҳамжиҳатликда хизмат қилмоғимиз ҳам қарз, ҳам фарздир, – деди O’zLiDeP Жиззах вилояти кенгаши Ёшлар ва бизнес тузилмалари билан ишлаш бўлими мудири Сирожиддин Ахматов.
Ўз навбатида ҳарбийлар ҳам сўзга чиқиб, сўнгги йилларда зобит ва аскарларимизнинг ўз хизмат вазифаларини ўташ учун яратилаётган шароитлар, ҳарбий тайёргарлик ҳақида сўз юритиб, Ватан ҳимояси ишончли қўлларда эканлигини, армиямиз ҳар доим халқимизга таянишини таъкидлаб ўтди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА