Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорликда “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни”га бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Тадбир Халқ таълими вазирлиги фаолиятининг жамоатчилик ва фуқаролар олдида очиқлигини таъминлаш ҳамда журналист, блогерлар шунингдек, фуқароларни коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларга оид саволларига жавоб бериш мақсадида ташкил этилди.
Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов халқ таълими тизимида коррупцияга оид қонунбузарлик ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш йўналишида вазирлик томонидан амалга оширилаётган ташкилий ва амалий ишлар ҳақида сўз юритди.
Вазирлик фаолиятида молиявий хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича бир қанча лойиҳалар, платформалар амалга оширилмоқда. Жорий йил 11 ойи давомида жами 368,6 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликларнинг олди олинишига ва бартараф этилишига эришилган. Шунга қарамасдан, йил бошидан ҳозирги кунга қадар вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 88 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 миллиард сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган.
[gallery-4896]
Тадбир давомида тизимдаги энг кўп талон-тарожлик, бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган ҳудудлар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида 11,5 миллиард сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 11 миллиард сўм ҳамда ушбу вилоятнинг Гулистон шаҳрида 4 миллиард сўм миқдорда бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган.
Таркибида жиноят аломатлари бўлган 159 та 72,9 миллиард сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.
Тадбирда вазирликнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.
– Хусусан, ҳозирга қадар соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан 243 нафар раҳбар ходимлар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3 минг 415 нафарига нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган, 151 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига юборилган, – деди Халқ таълими вазирлигининг Назорат-ҳуқуқий хизмати бошлиғи Искандар Тўраев.
– Ўтган давр давомида вазирлик томонидан 264 минг 41 нафар ходим ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 963 нафарининг ҳуқуқи тикланган бўлса, 188 та ҳолатда бошқа давлат органлари томонидан фаолиятга ноқонуний аралашув ва текширувларнинг олди олинган.
Шунингдек, вазирлик томонидан амалга оширилган таҳлиллар натижасида Халқ таълими тизимидаги фаолият жараёнларини очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, яратилган янги платформа тақдимоти намойиш этилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА