Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тизимда катта ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.
Халқ таълими муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш, соҳа ходимлари малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, замонавий ёндашувларни татбиқ этишда халқаро ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади.
А.Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти қатор хорижий олий таълим муассасалари, ташкилотлари, маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ишларни бошлаб юборган.
Институт навбатдаги маҳаллий ҳамкори Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, муҳим қадамларни биргаликда ташлаш юзасидан учрашув ўтказди.
Унда томонлар ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолади. Ҳамкорлик меморандумидан кўзланган мақсад, халқ таълими соҳасидаги муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш, уларга ечим топиш механизмини йўлга қўйиш, соҳани ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, тизим ходимларининг статистика асослари, долзарб таҳлилий статистик маълумотларга бўлган эҳтиёжини қондириш, бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириб боришдан иборат.
Томонлар илмий тадқиқотлар олиб борилишида, лойиҳалар ишлаб чиқилишида услубий-амалий кўмаклашиш ва халқ таълими тизимига оид бўлган статистик ҳисоботларни тайёрлаш, дастурий таъминотга киритиш, йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш ва маълумотлар банкини яратиш, улар асосида соҳага доир турли статистик нашрлар, таҳлилий статистик маълумотларни тайёрлаш борасида самарали ҳамкорлик қилишни режалаштирди.
Шунингдек, халқ таълими тизимидаги раҳбар кадрларнинг статистик маълумотларини тайёрлаш, улардан тўғри қарорлар ва хулосалар чиқариш компетенцияларини ривожлантириш бўйича видео тренинглар ташкил этиб, институтнинг ЛМС платформасига жойлаштириш белгиланди.
– Ишлар қилиняпти, ҳаммаси жойида, ҳаммаси аъло даражада, дейиш билан иш битмайди, – дейди институт директори Аюбхон Раджиев. – Муҳими натижа. Аслида олдиндан прогноз асосида режалар тузилади, ҳамкорлик қилинади. Таълим тизимида натижа бирдан кўзга кўриниб қолмайди. Ёки бир лойиҳанинг натижадорлигига эришиш учун вақт талаб этилади. Қўмита билан ҳамкорликдаги ишларимиз ҳам бироз вақт олиши мумкин. Аммо мақсадимиз улкан. Келгусидаги таҳлил қилиниб кейин амалиётга татбиқ этиладиган лойиҳалар ушбу ҳамкорликка боғлиқ.
Учрашув сўнггида ҳамкорликнинг биринчи босқичида уч – таҳлил қилишни ўрганиш, сўровномалар ўтказиш, уларни умумлаштириш йўналишида малака ва кўникмалар берадиган курсларни ташкил этишга келишиб олинди.
Б.Мелиқулова, ЎзА