Халқ шоири Ватан ҳимоячилари ҳузурида
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Сайидов Жануби-Ғарбий махсус ҳарбий округининг Хайрабод гарнизонида хизмат қилаётган Ватан посбонлари билан учрашди.
“Шоирлар ва ҳарбийлар учрашуви”, деб номланган тадбирда юрт тинчлиги, Ватан осойишталиги йўлида хизмат қилишнинг шарафли бурч экани алоҳида таъкидланди. Муддатли ҳарбий хизматчиларга халқимизнинг осуда ва фаровон турмушини таъминлаш учун жонини фидо қилган мард, жасур ўғлонлар жасорати, ҳарбий хизматчиларимизнинг эришаётган ютуқлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.



Халқ шоири Ватан ҳимоячиларига тинч, обод ҳаёт, садоқат ва соф муҳаббат, она, ватанпарварлик каби туйғулар тараннум этилган шеърларидан ўқиди. Аскарларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Ҳарбий қисм кутубхонасига китоблар тўпламини совға қилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири