Самарқанд вилоят суди масъулларининг навбатдаги сайёр қабули
Ургут тумани Халқ қабулхонасида ташкил этилди. Унда вилоят суди раиси ўринбосари Т.Байзоқов ва вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Б.Фармонов қатнашди.
Қабулда жиноят, иқтисодий ва фуқаролик судларига оид турли масалалар юзасидан мурожаат қилиб келган 15 нафарга яқин фуқаронинг дарди эшитилди. Мурожаатлар асосан, жазони енгиллаштириш, ер, мол-мулк, алимент ва бошқа масалалар билан боғлиқ бўлди. Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, назоратга олинди.
Жумладан, содир қилган қилмиши учун жиноий жавобгарликка тортилиб, жазо ўтаётган, туман ИИБ пробация ҳисобида турувчи 8 нафар маҳкум қилмишидан пушаймонлиги ва тегишли хулоса чиқарганлиги, қатъий тузалиш йўлига ўтганлигини баён қилиб жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўраб мурожаат қилди.
Шу ернинг ўзида жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди судьялари томонидан сайёр суд мажлиси ташкил этилди ва ҳар бир ҳолат алоҳида ўрганилиб, 6 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА