Халқ қабулхонаси: мурожаатдан ечимгача
Бугунги кунда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва муаммоларни амалий ҳал этиш давлат бошқарувининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу жараёнда Халқ қабулхоналари давлат органлари ва аҳоли ўртасида самарали мулоқотни таъминлаш, муаммоларни тизимли ўрганиш, таҳлил қилиш ва назоратни кучайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг 2026 йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мурожаатлар билан ишлаш тизимини янги босқичга кўтарди. Эндиликда ҳар бир мурожаат алоҳида назоратга олиниб, фуқаро билан мулоқот қилмасдан туриб уни ёпишга йўл қўйилмайди. Шу орқали мурожаатчи муаммони ҳал этиш жараёнига бевосита жалб этилмоқда.
Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-турда ҳам ана шу жараёнлар билан яқиндан танишилди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси бошлиғи Фарруҳ Омонов ҳамда Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси бошлиғи ўринбосари Насиба Кулбекова журналистларга янги қабулхонанинг фаолияти, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизими, жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш жараёнлари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси фуқаролар ўз мурожаатларини қулай тарзда баён этиши, шунингдек, Халқ қабулхонаси мудири — ҳоким қабулига киришда ўзини эркин ҳис қилиши учун замонавий талаблар асосида барпо этилган. Вилоятдаги вазиятни онлайн кузатиш, маҳаллалардан йўлланган шошилинч мурожаатларга тезкор жавоб бериш ва ушбу жараёнларни мувофиқлаштириш мақсадида Вилоят вазиятлар маркази ҳам шу ерда ташкил этилган.
— Бу ерда кутубхона, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси мавжуд, — дейди Тошкент вилояти Халқ қабулхонаси бошлиғи ўринбосари Насиба Кулбекова. — Бинога киришда фуқароларни сунъий интеллект голограммаси кутиб олади. У мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳат бериш билан бирга, уларни тегишли мутахассисга йўналтиради. Электрон навбат олишда қийналаётган фуқароларга ҳам шу ернинг ўзида Халқ қабулхонаси мутахассислари кўмаклашади. Мурожаат мазмуни ўрганилиб, масалага мос равишда электрон навбат расмийлаштирилади. Навбати келганда эса сунъий интеллект тизими фуқарони тегишли мутахассисга йўналтиради. Агар фуқаро вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари қабулига кириши зарур бўлса, инфокиоск орқали шахсий қабулга ёзилиш имконияти ҳам яратилган. Шунингдек, фуқароларнинг зарур вазирлик ва идораларга, уларнинг ҳудудий бўлинмаларига электрон мурожаат йўллаши учун ҳам барча шароитлар мавжуд.
Бундан ташқари, мурожаатларни таҳлил қилиш ва ҳисоботларни юритиш мақсадида диагностика маркази ташкил этилган. Унда турли ташкилотларнинг масалага дахлдор мутахассислари иштирокида мурожаатлар чуқур таҳлил қилинади. Зарур ҳолларда мутахассислар, “маҳалла еттилиги” аъзолари ва ёшлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, муаммолар жойига чиққан ҳолда ўрганилади.
Пресс-тур давомида мурожаатлари ижобий ҳал этилган фуқаролар билан ҳам мулоқот қилинди.
— Ҳудудимизда нонвойчилик соҳасини ривожлантириш ва аҳолига сифатли нон маҳсулотлари етказиб бериш мақсадида бир неча бор тижорат банкларидан имтиёзли кредит олишга ҳаракат қилдим, — дейди Бекобод туманида яшовчи оилавий тадбиркор Марғуба Аҳмедова. — Бироқ кутган натижага эриша олмадим. Шундан сўнг Халқ қабулхонасининг туман бўлимига мурожаат қилдим. Мутахассислар менга тўғри йўналиш кўрсатиб, қисқа вақт ичида зарур маблағни олишимга кўмаклашди. Тайёрлаётган нон маҳсулотларимиз нафақат ички бозорда, балки қўшни Тожикистонга ҳам буюртма асосида етказиб берилмоқда.
Пресс-тур доирасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича ўтган даврда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, жорий йилнинг январь-июнь ойларида Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 465 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5 фоиз кўпдир. Мурожаатлар сони Фарғона вилоятида 25 фоиз, Наманган вилоятида 12 фоиз, Тошкент шаҳрида 13 фоиз, Хоразм вилоятида 11 фоиз, Жиззах вилоятида 6 фоиз ва Сирдарё вилоятида 4 фоизга ошган.
Шу билан бирга, айрим мурожаатларда фуқаролар кўтарган масалалар ечимининг ҳуқуқий асослари тўлиқ тушунтирилмаётгани, юқори ташкилотлар томонидан қуйи тизимларнинг мурожаатлар билан ишлаш сифати етарлича назорат қилинмаётгани такрорий мурожаатлар сони ортишига сабаб бўлмоқда. Ҳисобот даврида жами 48,9 мингта такрорий мурожаат келиб тушган. Уларнинг асосий қисми алимент ундириш, 18 ёшгача бўлган болалар нафақаси, ижро ҳужжатлари бўйича қарз ундириш, газ баллонини тўлдириш, иш билан таъминлаш, ички йўлларни асфалтлаш ва шағаллаштириш, шунингдек, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш масалаларига тўғри келади.
Пресс-тур якунида журналистлар Халқ қабулхонаси фаолияти билан батафсил танишиб, мутахассислар ва аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Зеро, Халқ қабулхоналарининг асосий мақсади — фуқаронинг мурожаатини шунчаки қабул қилиш эмас, балки унинг ортида турган муаммони аниқлаш, ечимини топиш ва натижасини назорат қилишдан иборат.
А.Мусаев, ЎзА.