"Халқ орасида Увайсийга оид экспонатлар топилиши мумкин" ёхуд бугунги кунда Андижонда шоиранинг авлодлари борми?
XVIII аср охири XIX аср бошларида Марғилон шаҳрида яшаб, Увайсий тахаллуси билан ижод қилган шоира Жаҳон Отиннинг ҳаёти ва ижоди бугун қандай ўрганилмоқда?
Шоирани Нодирабегим билан қандай ришталар боғлаган эди? Ҳозирги кунларда Увайсийнинг Андижонда яшовчи қариндошлари кимлар? Ушбу саволларимизга жавоб олиш мақсадида Марғилон шаҳрида жойлашган Жаҳон Отин Увайсий уй музейи директори Гўзал Пўлатовага юзландик.
— Увайсий уй музейида асосан шоирага тегишли бўлган қандай экспозициялар ўрин олган?
— Музей Марғилон шаҳрида Жаҳон отин Увайсий ўзи туғилиб ўсган хонадонда 2007 йилда биринчи президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган. Музей миллий услубда қурилган бўлиб, ёғоч ва ганч ўймакорлиги санъати билан безатилган, бир қаватли бинодан иборат. Экспозиция залида шоиранинг мероси билан танишиш мумкин. У ерда XVIII - XIX асрга оид аёл ва эркаклар кийимлари, уй-рўзғор буюмлари, миллий чолғу асбоблари, мумтоз адабиётимиз вакилларининг Бедил, Фузулий ва бошқа шоирларнинг қўлёзма асарлари бор. Шунингдек, архив ҳужжатлари, журнал ҳамда газеталар, суратлар, матолар, сўзана, рўжа каби XVIII - XIX асрга оид турли осори-атиқаларимиз ўрин олган. Бугунги кунда музейимизда жами 160 тадан зиёд экспозиция мавжуд.
— Шоиранинг шахсий ҳаётига доир маълумотларга ҳам тўхталиб ўтсангиз?

— Увайсийнинг асл исми Жаҳон бўлган. Ёшлигида уни Жаҳонбиби деб чақиришган. Увайсий тахаллусида ижод қилган. Ислом дини билимларига эга бўлгани боис отинойилик ҳам қилган ва уни Жаҳон Отин деб чақиришган. У XVIII асрнинг охири, XIX асрнинг биринчи ярмида яшаб, ижод қилган машҳур ўзбек шоираси. Марғилон шаҳрининг "Чек дуҳтарам" маҳалласида тахминан 1779 йилларда дунёга келган. Отаси Сиддиқ бобо тўқувчи-косиб, ўзбек ва тожик тилларида шеърлар ёзган. Онаси Чиннибиби эса ўз даврининг донишманд аёлларидан бўлиб, мактабдорлик қилган. Жаҳонбиби оилада хат саводини чиқариб, сўнг онаси каби мактабдорлик қилган. Акаси Охунжон ҳофиз унга шеърият илмидан сабоқ берган. Жаҳонбибини 17-18 ёшларида Тожихон исмли ҳунарманд йигитга узатадилар. Унинг умр-йўлдоши Тожихон жуда эрта вафот этади. Жаҳонбиби қизи Қуёшхон ва ўғли Муҳаммадхонни ўзи тарбиялаб, камолга етказади.
— Увайсийни Нодирабегим билан ижодий ҳамкорлигини тўхтатилишига нима сабаб бўлган?
— Жаҳон Отин ёшлигиданоқ ўзбек тожик ва озарбайжон алломаларининг ижодларини муҳаббат билан ўқийди. Ўша даврдаёқ Увайсий тахаллуси билан шеърлар ёза бошлайди ва тез орада шоира ва отин сифатида танилади. Ўз даврида марказий Осиёнинг катта илм фан ва маданият марказларидан бўлган Марғилон ҳамда Қўқоннинг истеъдодли адиблари, шоиралари даврасида ўтади. Шоира асосан Моҳларойим-Нодирабегим билан ижодий ҳамкорликда бўлган. Саройда Нодира ва бошқа хотин-қизларга шеърият илмидан сабоқ бериб, устозлик қилган.
У Нодира билан Конибодом, Хўжанд, Тошкент, Андижон каби шаҳарларда бўлиб, шоир ва ёзувчилар билан ижодий муносабатлар ўрнатади. Увайсий 1842 йилда Бухоро Амири Насруллохон Қўқонни босиб олганидан сўнг Марғилонга қайтиб келиб, умрининг охиригача шу ерда яшайди. Увайсий 65 ёшида вафот этган. Ундан бизгача каттагина адабий мерос етиб келган. Унинг қўлёзма девонлари бугунги кунда Ўзбекистон фанлар академияси, Андижон давлат университети кутубхоналарида сақланиб келади.
— Уй музейидаги деворга осилган Увайсий портретида шоиранинг қўлида анор ушлаб турган ҳолат акс эттирилишининг рамзий маъноси бўлса керак?

— Албатта рамзий маъноси бор. Шоиранинг «Анор» ҳақидаги чистонини барча адабиёт вакиллари яхши билишади. Мазкур чистон мазмуни ва юксак бадиийлиги билан шоира ижодининг ёрқин саҳифаси сифатида кўзга ташланади. Яъни унда шундай ёзилади:
Бу на гумбаздур, эшиги, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгун, пок қизлар, манзил айлабдур макон.
Туйнугин очиб аларнинг ҳолидан олсам хабар,
Юзларида парда тортуғлуғ турурлар бағри қон.
— Унинг айрим достонлари ислом тарихи билан ҳам боғлиқ бўлган дейишади?
— Увайсийнинг лирик шеърларидан ташқари Шаҳзода Ҳасан, Шаҳзода Ҳусан каби лиро-эпик асари ва «Воқеоти Муҳаммад Алихон» каби тарихий достонлари ҳам бор. Унинг лиро –эпик достонлари ислом тарихи билан боғлиқ воқеалар асосида яратилган бўлиб Увайсийнинг ўз даврининг билимдон муаллимаси ва отинойиси, динимиз тарихидан чуқур хабардорлигидан далолат беради. У айниқса, Алишер Навоийдан сўнг арузда муаммо вазни санъатини мукаммал эгаллаган ижодкор саналади.
— Юртимиздаги қайси ижодкорлар шоира ҳаёти ва ижоди ҳақида изланишлар олиб бормоқда?
— Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетининг магистранти Соҳибахон Исломованинг «Увайсий лирикасининг матний тадқиқи ва поэтикаси» мавзусида магистрантлик диссертацияси ёқланган. Диссертацияда унинг бугунги кунгача ўрганилмаган чистонлари, ғазаллари, мувашшахлари ва бошқа асарлари матний таҳлил қилинган.
Шоиранинг ҳаёти ва ижоди ҳақида жуда кўп ишлар қилинди, ўрганишлар олиб борилди. Аммо Увайсийнинг ижодий маҳорати ўзбек адабиёти ихлосмандларига тўлиқ очиб берилгани йўқ. Шу кунгача чоп этилган девонларидаги асарларини ўрганиш ҳали якунига етказилмаган. Андижон шаҳридаги санъат музейида сақланаётган девонларида ўрганилмаган турли жанрдаги асарлари кўп. Шоиранинг бизга қадар 269 та ғазал, 29 та мухаммас, 5 та мусаддас, 1 та мураббаси ва чистони етиб келган.
— Увайсийнинг «Соғиндим» деб номланган шеърини кўпчилик адабиёт ихлосмандлари ёддан билишади. Ушбу шеърни яратилиш тарихига ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— «Соғиндим» шеърини шоира фарзанди Муҳаммадхонга бағишлаб ёзади. У дилбандини урушга жўнатганидан сўнг соғинч азобида ушбу шеърни ёзган.
Бугун, эй дўстлар, фарзанди жононимни соғиндим,
Гадо бўлсам, не айб, ул шохи давронимни соғиндим.
Мусофирман, ғарибман бекасу ҳам беноводурман,
Вужудим дарда тўлди, эмди дармонимни соғиндим.
Тилимнинг зикрию, кўнглимни фикри, яхши фарзандим,
Азизим,ёлғизим, давлатли султонимни соғиндим.
Кеча-кундуз йўлига мунтазирдурман, тикарман кўз,
Келиб холим сўрубон кетса, меҳмонимни соғиндим.
Насибин узмади тангрим, иложин топмаган келса,
Онам деб бўлғуси бағри қизил, қонимни соғиндим.
Қоронғу бўлди олам кўзима ушбу жудоликдин,
Кўзу кўнглум зиёси, моҳи тобонимни соғиндим.
Мени бекас Увайсий йиғлагайман рўзи шаб тинмай,
Уйимнинг зийнати, кўз равшани, хонимни соғиндим.
— Ш оиранинг яқин қариндошлари невара-чеваралари ҳақида ҳам бирор маълумот борми?
— Андижонда Жаҳон Отин Увайсийнинг набираси Хадичабегимни авлодлари яшайди. Яқинда етти авлод учрашувини ташкиллаштириб, шоиранинг чеваралари Музаффархон, Ҳабибуллохон, Нуриллохон Маматовлар билан учрашдик. Улардан Увайсий ҳақида янада кўпроқ маълумотларни олдик. Олган маълумотларимизни ўрганиб, тарихчиларимиз билан маслаҳатлашиб янада мукаммаллаштириб бойитамиз.
— Увайсийнинг залворли ижодини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу уй музейи бугунги кун талабига жавоб бера оладими?
— Музейдаги энг ноёб экспонат бу Увайсийнинг ўзи ишлатган сандиқ. Агар жиддийроқ изланилса, халқ орасидан шоирага тегишли бўлган экспонатлар топилиши ва улар музейга келтирилиши мумкин, деб ўйлайман. Музей бугунги кун талабига жавоб беради, деб айтолмайман. Чунки бу ерда жудаям оз ва кичик ҳажмдаги экспонатлар мавжуд. Музейни кенгайтириш ишларини амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Яна қўшимча экспозиция хоналарини ташкиллаштиришни режалаштиряпмиз. Шоиранинг халқимизга ижод борасида кўрсатган меҳнатлари олдида бу хизматлар оз. Уни кенгайтириш, бойитиш керак, деб ўйлайман.
ОАВда чиқиш имкониятидан фойдаланиб, бир таклифни айтиб ўтмоқчиман. Юртимизда яшаб ижод қилаётган, илмий изланишлар олиб бораётган иқтидорли хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида Увайсий номидаги давлат мукофоти таъсис этилса. Бундан кўзланган мақсад шуки, ҳам шоиранинг номи абадийлашади ҳам унинг ижодий салоҳиятини ўрганишга эътибор ошади, деб ўйлайман.
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА