Халқ ноиблари масъулияти янада ошди
Давлатимиз раҳбарининг O`zLiDeP Х съездида ўз Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари тўғрисидаги маърузасида маҳаллий кенгаш депутатлари фаолиятини янада кучайтириш борасидаги аниқ йўл-йўриқ ва кўрсатмалар айтиб ўтилганки, эндиликда улар ҳар битта халқ ноиби зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Бугунги кунда халқ депутатлари Бухоро вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари ҳисобланган 146 нафар маслакдошларимиз ана шу масъулиятни теран англаган ҳолда иш олиб боришлари талаб этилади. Партиянинг барча бўғинларидаги фаоллар, аппарат раҳбарлари, оддий ходимларга ҳам ва энг муҳими депутатларимизга Президентимиз маърузасидаги қуйидаги сўзлар юксак ишонч берди: “Туман, шаҳар, вилоят вакиллик ва ижро ҳокимияти тизими қайта кўриб чиқилади. Келгусида туман ва шаҳар кенгашларида камида 2-3 нафар депутат доимий асосда ишлайдиган тартиб жорий этилади. Улар муаммоларни маҳаллабай ўрганиб, ечимини Кенгаш муҳокамасига киритади. Туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод туман кенгашида энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари сурилади”.
Бухоролик халқ ноиблари ҳам ўз фаолиятларини жорий этиладиган янги тартибга мувофиқ олиб бориб, O`zLiDeP нинг Х съезди қарорлари ҳамда давлатимиз раҳбарининг депутатлик фаолиятимизга дахлдор топшириқ ва тавсияларини амалда бажаришга ва шу йўл билан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга жойлардаги тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтиришга, бир сўз билан айтганда ўз фаолиятларида туб бурилиш ясашга интилаётир.
Жорий йилнинг 24 октябрида ўтказиладиган Президент сайловига пухта тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар шу кунларда вилоят, шаҳар ва туманлар миқёсида кенг йўлга қўйилган бўлиб, ушбу муҳим жараёнда ҳам маҳаллий кенгаш депутатлари фаол иштирок этаётир.
Ҳар доим бўлганидек, бундан кейин ҳам депутатлик сўрови, назорат таҳлил фаолияти, эшитув ва бошқа амалиётда ўзини оқлаган партиявий фаолият ўз амалий натижасини беришига ишончимиз комил.
Бобомурод ОЧИЛОВ,
O`zLiDeP Бухоро вилояти
Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари - аппарат раҳбари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати