Халқ дипломатияси: Шарқдан Ғарбгача бўлган илмий саёҳат (+видео)
“Халқ дипломатияси” лойиҳасининг навбатдаги сонида Буюк Британия ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий алоқалар, илмий мерос ва маданий таъсирлар ҳақида сўз юритилади.
Тарихчи олим Воҳиджон Холовнинг таъкидлашича, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги илк интеллектуал алоқалар жуда қадим даврларга бориб тақалади. Унинг фикрича, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Беруний каби буюк алломаларнинг асарлари Европа илм-фанига, жумладан Англияга ҳам катта таъсир кўрсатган.
Олимнинг фикрича, Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк ва мўғул” асари 1730 йилларда инглиз тилига таржима қилингани ҳам муҳим воқеа сифатида қайд этилади. Ушбу таржималар Европа китобхонларига Туркистон тарихи ва давлатчилиги ҳақида кенг маълумот берган.
Мирзо Улуғбек асарларининг ўрганилиши ҳамда кейинчалик "Темур тузуклари"нинг 1820–1830 йилларда инглиз тилига таржима қилиниши Европа ва Англия илм-фанида катта қизиқиш уйғотган.
Айниқса, “Темур тузуклари”нинг нашр этилиши учун юқори мукофотлар берилган. Бу асар Англияда кенг тарқалган. Бу эса Туркистон давлатчилиги, бошқарув тизими ва тарихига бўлган қизиқишни янада оширган.
Мазкур жараёнлар нафақат илмий алмашинув, балки маданий яқинлашув учун ҳам муҳим бўлган. Чунки Европа манбаларида Амир Темур даври, унинг қудрати, дипломатияси ва қўшин ташкил этиш қобилияти алоҳида қайд этилган.
Масалан, тарихий маълумотларда Бухоро амирлигида юз минглаб қўшин тўплаш имконияти мавжуд бўлгани, халқнинг жасорати, озодликсеварлиги ва бирдамлиги алоҳида таъкидланади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги тарихий алоқалар асрлар давомида шаклланган бўлиб, бугунги кунда ҳам илмий ва маданий ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LGXEAEgQJ6I" title="Xalq diplomatiyasi: Sharqdan G`arbgacha bo`lgan ilmiy sayohat " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
Н.Абдувоитов (видео),
А.Аҳмедов (монтаж), ЎзА