Халқ дипломатияси - мулоқотнинг самимий воситаси
Кейинги йилларда хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашда "халқ дипломатияси"дан самарали фойдаланиш кутилган ижобий натижаларни бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ва Болгария Республикаси ўртасида маданий-маърифий ва иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда халқ дипломатиясининг ўрни” мавзуидаги халқаро онлайн давра суҳбати бунинг яна бир ёрқин далилидир.
Тадбирда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, “Ўзбекистон-Болгария” дўстлик жамияти, Россия ва МДҲ мамлакатлари билан дўстлик федерацияси, Болгария Республикаси “Славян” Фонди, “Болгария-Ўзбекистон” дўстлик жамияти вакиллари иштирок этди.
Ушбу онлайн давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати ҳамда Қўмита ва Болгария томони ўртасидаги маданий-маърифий ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Онлайн тадбирда Ўзбекистон ва Болгария ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар, жумладан, маданият ва санъат йўналишида изчил ривожланиб бораётганлиги алоҳида таъкидланди. Бу дўстлик алоқаларининг ривожланиб боришида халқ дипломатиясининг ўрни муҳимлиги, ўтган тарихий давр ичида мамлакатларимиз ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий йўналишларда катта ижобий натижаларга эришилганлиги давра суҳбатида алоҳида қайд этилди.

Учрашув давомида Россия ва МДҲ мамлакатлари билан дўстлик федерацияси, Болгария Республикаси “Славян” Фонди раиси З.Захариев федерациянинг мақсад ва вазифалари, фаолияти ҳамда у томонидан ташкил этилиб келинаётган тадбирлар ва лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда Болгария ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик алоқалари йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, шунингдек, федерация ва жамият томонидан Болгарияда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш билан боғлиқ кўплаб ишлар амалга оширилаётгани бунинг яна бир амалий исботидир.
Тадбир давомида болгариялик қатнашчилар Ўзбекистонни Марказий Осиёда энг барқарор ривожланаётган, улкан иқтисодий-ижтимоий салоҳиятга эга ҳамкор давлат сифатида кўриши, кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳаларда алоқалар янада ривожланаётгани, бунда икки мамлакат халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этди.
Мулоқот давомида 2021 – 2022 йилларга мўлжалланган режалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Болгария халқлари ўртасида ўзаро маданият ва санъат соҳаларида учрашув, анжуман ва давра суҳбатларини ўтказишда “Халқ дипломатияси” механизмларидан унумли фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида Қўмита ва Россия ва МДҲ мамлакатлари билан дўстлик федерацияси, Болгария Республикаси “Славян” Фонди, “Болгария-Ўзбекистон” дўстлик жамияти ўзаро биргаликда ишлар олиб бориш масалаларида кўмаклашиш ва ҳамкорлик қилишга келишилди.
Н.Усмонова, ЎзА