Мамлакат аҳолисининг 30 фоизига хизмат кўрсатиб келаётган Ўзбекистоннинг биринчи банки – Халқ Банки ўзининг 149 йиллигини молия соҳасида таълим олаётган ёшлар билан нишонлади.
Унда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари Агентлиги тизимидаги Олмазор туман ихтисослаштирилган мактабининг аниқ фанлар йўналиши ўқувчилари ва банк ходимларининг фарзандлари иштирок этди.
Бу муҳим санани мамлакатимизнинг келажак авлодлари билан бирга ўтказиш, Халқ Банкининг ўсиб келаётган ёш мутахассисларга бўлган ишончи ва уларнинг салоҳиятини рағбатлантириш, эртанги кунга ишонч рамзидир.
Банк тарихи
Акциядорлик тижорат Халқ банки Ўзбекистоннинг энг қадимий банкларидан биридир. Унинг Тошкентдаги бирламчи жамғарма кассалари 1875 йилда ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг 1995 йил 4 октябрдаги қарорига асосан «Ўзжамғармабанк» давлат-тижорат Халқ банки этиб қайта тузилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сонли Фармонига асосан банк номи «Акциядорлик тижорат Халқ банки» номига ўзгартирилган.
ЎзА