Президентимиз раислигида 2024 йил 16 декабрь куни ўтказилган йиғилишда маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш бўйича 2025 йилда бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифалар “Халқ банки”нинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширишга киришилган.
– Вилоятимиздаги 544 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 89 таси бошқармамизга бириктирилган бўлиб, ажратилган кредитлар ҳисобига маҳалла фуқаролар йиғинларида доимий равишда янги ишчи ўринлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки Бухоро вилояти минтақавий марказ раҳбари ўринбосари Наргиза Латипова. – Бугунги кунда 89 та маҳалла фуқаролар йиғинида 36 нафар банк ходимлари маҳалла банкирлари сифатида, 89 та ходим эса маҳалла агенти сифатида ўз фаолиятини олиб бормоқда. Эътиборлиси, Халқ банкига бириктирилган 89 та маҳалла фуқаролар йиғини бўйича ҳозирда кредитлар ажратилган бўлиб, бу ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Халқ банки Бухоро вилояти бошқармасининг 11 та банк хизматлари марказлари томонидан жорий йилнинг январь ойи давомида тадбиркорлик субъектлари билан 33 маротаба учрашувлар ўтказилган. Учрашувларда иштирок этган, 133 нафар мижозлар томонидан вилоят ҳамда туман даражасидаги 133 та муаммоли масалалар илгари сурилган. Ушбу мурожаатлар натижасида 204 та янги иш ўринларини яратилиш белгиланган бўлиб, шу асосда иш олиб борилмоқда.
Жорий йил якунига қадар ҳар ой фуқаролар ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, жами 396 та учрашувлар ўтказиш ва янги иш ўринларини яратиш учун барча имконият ва ресурслар мавжуд. Аҳолига ижарага берилган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида намунали лойиҳани амалга ошириш юзасидан ҳам вилоят бошқармаси изчил иш олиб бормоқда.

Жорий 2025 йилда бошқарма бўйича ҳар бир ҳудудда 11 та Агрегатор танлаб олинган бўлиб маҳаллаларга ажратилган ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда етиштирилган ҳосил занжирини яратиш мақсадида 110 гектар (11 та контурда) ер майдонларида 290 та аъзолардан иборат умумий лойиҳа қиймати 1,3 миллиард сўмлик 11 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилди ва 290 нафар агрегаторларга бириктирилди.
Жумладан, Вобкент туманида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосидаги лойиҳа ижросини таъминлаш мақсадида ўтган 2024 йилда Халқ банки томонидан “Ғарибшоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 9,5 гектар ер майдонига Войиш усулида узум етиштиришга ҳозирлик кўрилди. Лойиҳани амалга ошириш учун “Vobkent Tomarqa xizmati” МЧЖ танлаб олинган бўлиб, лойиҳа қиймати 4,7 миллиард сўм, шундан, 200,0 миллион сўми банк кредити, 4,5 миллиард сўм ўз маблағи ҳисобига тўғри келади.
Ижара ер эгалари ҳисобланган 32 нафар фуқаролар билан фючерс шартномалари тузилган бўлиб, ҳар бир ер эгаси йилига ўртача 44,7 миллион сўм даромад олиши режалаштирилмоқда. Войиш усулида узум етиштириш учун 2 та агроном билан шартнома имзоланган бўлиб, улар томонидан деҳқонларга дала ишлари ўргатиб келинмоқда.
2025 йилда “Сайхунобод тажрибаси” асосида мижозлар билан доимий ишлаш натижасида 4 000 та лойиҳага жами 99,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратиш орқали 8 127 нафар янги иш ўринлар яратиш режа қилинган. Шунингдек, банкларга бириктирилган ҳар бир маҳаллада намуна қилиб кўрсатиш учун камида 10 та кам даромадли хонадонлар даромадини 60-70 миллион сўмдан ошириш юзасидан лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилган.
“Уйчи тажрибаси” асосида эса банкларнинг 4125 нафар фаол мижозлари билан 396 та учрашувлар ташкил этиб, уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш орқали 5100 нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, “Зарбдор тажрибаси” асосида маҳаллаларда қиймати 213,3 миллиард сўмлик 7 та лойиҳани амалга ошириш ва улар доирасида 430 та янги иш ўринларини яратишни таъминлаш назарда тутилган.
“Ғиждувон тажрибаси” асосида қиймати 21,1 миллиард сўмлик 6 та лойиҳа асосида 180 та янги иш ўринларини яратишга эътибор қаратилади. Шу билан бирга, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида ижарага берилган ер майдонларида Халқ банки ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан жами 40 гектар ер майдонида лойиҳаларни амалга оширилиши орқали 82 нафар аҳоли бандлигини таъминлашга эришилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири