Ҳалоллик – ислоҳотларга ижобий таъсир қилади
Муносабат
Жорий йил 5 март куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида мазкур салбий иллатнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Юртбошимизнинг нутқида, айниқса, коррупцияга қарши курашиш, адолатли ва шаффоф давлат бошқаруви тизимини қуриш, ишбилармонлар учун қулай ишлаш муҳитини яратишга қаратилган топшириқлар алоҳида тилга олинди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сифатида, ушбу йиғилишда белгиланган вазифалар партиямизнинг 2024 йилги Сайловолди Дастуридаги мақсадлар билан тўлиқ ҳамоҳанг эканини таъкидламоқчиман. Партиямиз коррупцияга қарши курашишни кучайтириш, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ишларини жадал давом эттиришни доимо қўллаб-қувватлаб келган.

Йиғилишда юртбошимиз 55 та аниқ мақсадга йўналтирилган ташаббусларни илгари сурди. Бунинг натижасида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари кучайиши муқаррар. Таъкидланганидек, улар доирасида 5 та қонун, 12 та фармон ва қарорлар ишлаб чиқилади. Коррупцияга қарши курашишда парламент, Миллий ва ҳудудий кенгашлар, фуқаролик жамияти институтларининг роли оширилади.
Сир эмаски, коррупциявий жиноятларнинг 75 фоизи туман ва маҳаллада маиший коррупция шаклида содир этилмоқда. Шу боис энди Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланиб, уларга вилоят халқ депутатлари кенгаши раислари бош бўлишининг белгиланиши замирида ҳам инсонпарвар сиёсат мавжуд.
Шунингдек, йиғилишда Президентимиз томонидан эндиликда ноқонуний текширувлар устидан прокурор назорати кучайтирилиши орқали жойларда бизнес ва инвестиция муҳити яхшиланишига эришиш борасида айтилган фикр электоратимизнинг қувончига сабаб бўлди. Коррупцияга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси, балки бу ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Тўлқинжон Файзиев,
ЎзЛиДеП Тошкент вилоят Кенгаши раиси.
ЎзА