Ён-атрофимизда турли тоифадаги инсонлар бор. Мавжуд имкониятдан унумли фойдаланиб, яхши ҳаёт кечиришга, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётганлар билан бирга ўзгалар қўлига қараб, олма пиш– оғзимга туш, қабилида умр кечираётганлар ҳам учраб туради.
Туман ва шаҳарларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилгач, аҳоли ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар юзасидан ушбу марказларга мурожаат қила бошлади.
Аммо ёрдам сўраётганларнинг барчасини ҳам кўмакка муҳтож деб бўлмайди. Йиллар давомида давлатдан ва бошқа кишилардан моддий ёрдам олишга ўрганиб, боқиманда бўлиб қолганлар ҳам бор. Ана шундай тоифа кишилар учун Самарқанд шаҳридаги Огаҳий номли маҳаллада яшовчи, иккинчи гуруҳ ногирони Азим Файзиев ҳаётини ибрат сифатида кўрсатишни жоиз деб билдик.
Болалик чоғидаги бахтсиз ҳодиса сабаб чап қўлидан айрилган Азим Файзиев тушкунликка тушиб, яшаш учун курашишдан тўхтаб қолмади. Ўрта мактабни битириб, Самарқанд давлат университетида иқтисодиёт йўналишида таҳсил олган. Олган билимлари ва ўзининг ҳаракати туфайли 2014 йилдан тадбиркорлик соҳасида иш бошлади. Турли йўналишларда ўз имкониятларини синаб кўрди. Ўтган 2023 йилда эса Хитойдан ишлаб чиқариш ускуналари олиб келиб, бир марта фойдаланиладиган қоғоз идишлар ишлаб чиқаришни бошлади.
– Ўқишни битиргач, бир муддат иш қидириб кўрдим, – дейди Азим Файзиев. – Ногиронлиги бўлган шахс учун ҳадеганда иш топилавермас экан. Шу боис, ўзим мустақил тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилдим. Савдо-сотиқ ва бошқа турли йўналишларда ўзимни синаб кўрдим. Юртимизда ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш учун яратилган имтиёз ва имкониятларни кўриб, ушбу йўналишга қизиқишим ортди. Бир неча йиллик уринишлардан сўнг ўтган йил ўз мақсадимга эришиб, мўъжаз ишлаб чиқариш ускунаси ёрдамида иш бошладик. Акам иккаламиз биргаликда ишлаяпмиз. Кунига 10 мингта 200 граммлик қоғоз стакан ишлаб чиқарамиз.
Тадбиркор бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Ушбу йўналишдаги ишларни ривожлантириб, маҳсулотлар тури ва сонини ошириш ниятида. Эътиборлиси, бу ишларни амалга ошириш натижасида яратиладиган янги иш ўринларига ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилишни режалаштирган. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига боришидан мақсади ҳам аслида марказга иш сўраб мурожаат қилган ногиронлиги бор шахсларни ишга таклиф қилиш эди.
<iframe width="990" height="557" src="https://www.youtube.com/embed/QHaKri0UW-Q" title="Halol mehnatning noni shirin" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
– Ўзим иш излаб, ишсизликнинг қандай эканлигини билганим учун марказга ушбу йўналишда ҳамкорлик қилиш таклифини билдирдим, - дейди Азим Файзиев. – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам меҳнат қилиб, ҳамма қатори яшашни истайди. Фаолиятим давомида бу борадаги ишларга алоҳида эътибор қаратаяпман.
[gallery-16138]
Имконияти чекланган бўлса-да, давлат томонидан берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўйган Азим Файзиевнинг фаолияти кўпчиликка ибрат, десак янгилишмаймиз. Жамиятда ногиронлигини рўкач қилиб ёки тўрт мучаси соғ бўлатуриб нафақа олиб кун кўришни истаётганлар ундан ибрат олса, яхши бўларди.
Қўлдан берганга қуш тўймас, дейдилар. Меҳнат қилиб топилган нон эса тотли бўлади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео),
ЎзА мухбирлари