Ҳафталик доирасида байрам тадбири ўтказилди
Нукусда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида байрам тадбири ташкил этилди.
Унда нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, миллий маданий марказларнинг аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашишди.
Тадбир иштирокчиларига дастлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўл меҳнати маҳсулотлари ярмаркаси ҳамда давлат гранти лойиҳаларининг тақдимоти намойиш этилди.
[gallery-26334]
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Мурат Атамуратов ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳар йили "Фуқаролик жамияти ҳафталиги” ўтказилиб келинмоқда.
Ҳафталик дастурига мувофиқ очиқ мулоқот, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форуми, турли мавзулардаги конференциялар ўтказилиши кўзда тутилган. Ушбу тадбирлар нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва давлат органлари ва ҳамда жамият ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар яратишга қаратилган.
Тадбирда фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларига ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир сўнггида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев, ЎзА мухбирлари