Хабар қилинг ва мукофот пулига эга бўлинг!
Янги қарор
Кўпчилигимиз ҳайдовчимиз. Баъзан шошиб, баъзида эътиборсизлик натижасида йўл ҳаракати қоидаларини бузамиз. Бу тўғрида фото-видеога олиб хабар берганларни қоралаймиз, ёқтирмаймиз. Аслида эса улар тўғри қилишади. Чунки ҳаётда қонун-қоида, тартиб-интизомга бўйсуниб яшашга, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга ўрганишимиз лозим.
Эндиликда эса ана шундай фидойи инсонларнинг кўмагида экологиянинг тозалигини, неча минг йиллар давомида сақланиб келаётган маданий мерос биноларимизнинг бузилиб кетмаслигини сақлашимиз мумкин.
2022 йил 7 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат экологик назорати ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан тасдиқланган Низомга кўра, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик бўйича фото ва видео материаллар “Эконазорат” ахборот тизими орқали Давлат экология қўмитасига юборилиши керак.
Шунингдек, қарорга биноан, моддий маданий мерос объектларига бўлган ҳуқуқлар бузилиши ҳақидаги фото ёки видео материаллар “Маданий мерос назорати” ахборот тизими орқали Маданий мерос агентлигига юборилади.
Материалда қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:
содир этилган ҳуқуқбузарлик;
ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар (агар мавжуд бўлса);
маданий мерос объектининг номи (тегишли ҳуқуқбузарлик бўйича);
ҳуқуқбузарлик содир этилган манзил, сана ва вақт.
Келиб тушган фото ва видео материаллар 15 иш куни мобайнида кўриб чиқилади ва ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигига юборилади. ИИВ материалларни кўриб чиқади, ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлайди ва 10 иш куни мобайнида тегишлилиги бўйича Давлат экология қўмитаси ёки Маданий мерос агентлигига юборади.
Ҳуқуқбузарликлар акс эттирилган фото ва видео материалларни юборган шахслар:
– дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича – БҲМнинг 1 баравари (270 мингсўм) миқдорида;
– экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги бошқа ҳуқуқбузарлик бўйича–ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи миқдорида;
– моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқбузарлик бўйича – БҲМнинг 1 баравари (270 минг сўм) миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Она табиатни ва маданий мерос иншоотларини муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Бу эзгу ишга ҳисса қўшинг.
Ирода Қаҳҳорова,
ҳуқуқшунос.
ЎзА