Хоразм вилоятида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 2024 йил баҳор-куз мавсумида жами 17 миллион 303 минг дона мевали, манзаралари дарахт ва бута кўчатлари экилиб, жами 34,7 гектар майдонда “Яшил боғ”лар ташкил этилди. Хусусан, ўтган йиллар шуни кўрсатдики, воҳанинг иқлим шароитига мос энг маъқул кўчат бу гужумдир.
Гужум дарахти юз йилдан ортиқ умр кўради. Эътиборлиси, у ўта чидамли ўсимлик бўлиб, ўсиши учун жой танламайди. Ушбу дарахт чуқур илдиз отиб, қурғоқчил, шўрланган ерларда ҳам ўсаверади. Қуёш иссиқлигини ўтказмайди. Чунки, унинг барглари тукчалар билан қопланган.
"Гужум" Хоразмнинг яшил туризми белгиси ҳамдир.
Жорий йил 1-2 май кунлари давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳам Хоразм гужумини кўпайтириш таъкидланди.
Хоразм гужумини вилоятнинг барча ҳудудларига кенг татбиқ қилиш ишлари давом этмоқда. Воҳанинг иқлимига ҳам манзараси, ҳам фойдалилиги билан мос бўлган кўчатлар захираси яратилган.
– Гужум дарахти илдизи ва уруғидан кўпаяди. У садақайрағоч, яъни қорамон дарахтига пайванд қилинса, сизот сувларига чидамлилиги янада ортиб, умри узаяди, – дейди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Янгибозор туман бўлими катта инспектори Ислом Йўлдошев. – Туманда жойлашган ўрмон хўжалиги ерларида жорий йил баҳор мавсумида қарийб бир миллионга яқин гужум кўчатлари етиштирилиб тарқатилди. Ҳозир ҳам сада қайрағоч дарахтига пайвандланган уч миллион гужум кўчатлари куз мавсумига тайёрланмоқда.
[gallery-23373]
Гужум тупроқни эрозиядан асрашдан ташқари, шохлари қалинлиги боис шамол йўлини тўсиб, қум кўчкиларининг олдини олади. Ҳудуддаги иқлимни мўътадил сақлашда ҳам асқатади. Шунинг учун ҳам қадимдан аждодларимиз ўзлари бунёд этган қадим обидалар атрофида айнан гужум дарахтини экишган. Айниқса, ҳовуз бўйларига экилган гужум баравж ривожланади ва узоқ умр кўради. Ҳатто, кенг қулоч ёйиб, рекорд даражада катталашиши мумкин.
–Қадимда ота-боболаримиз ҳовлида ҳовуз қазиб, атрофига гужум кўчатларини экиб чиқишган. Ҳовлимиздаги гужум ҳозир 105 ёшда. – дейди янгибозорлик меҳнат фахрийси Комил Ражабов. – Ҳозир энига ўлчаб кўрсангиз 30 метрни, баландлиги ҳам 27 метрни ташкил этади. Уч йил олдин тегишли идоралардан мутахассислар келиб, ҳужжатлаштириб кетишди. Эндиликда бу дарахт давлат муҳофазасида турибди ва доимий равишда парвариш қилинмоқда.
Гужум жуда сезгир дарахт бўлиб, ер ости сизот сувларининг пасайгани ёки кўтарилганини тез пайқайди. Ана шу даврда унинг танасида касалликларга ва ҳашоратларга қарши курашиш қобилияти ҳам сустлашади.
Ўтган асрда Россия томонлардан мамлакатимиз ҳудудига олиб келинган ёғоч маҳсулотлари билан бирга дарахт кушандалари ҳам кириб келган.
Кушандалар ўлкамизга келгандан сўнг барча ўсимликлар қатори гужумга ҳам ҳужум қилишган.
“Баргхўр”, “Шаҳар” ва “Турон” мўйловдорлари каби дарахт кушандалари 1970-1985 йилларда вилоятдаги гужумларни еб битиришига сал қолган. Сув сиёсатининг нотўғри олиб борилиши, Оролнинг қуриши, Амударё сувининг камайиши, шўрланишнинг кучайиши натижасида гужумларга қирон кела бошлаган. Бироқ табиатни севувчи инсонлар ушбу дарахтларни сақлаб қолишган.
– Мактабимиз атрофидаги гужумларнинг ёши қирқ йилга етай деб қолди, – дейди Қўшкўпир туманидаги 41 - сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Ҳайитбой Ражабов. – Уларнинг сони 150 тани ташкил этади. Мамлакатимизнинг чекка ҳамда чўлга яқин ҳудудида жойлашганлигимиз туфайли ёзнинг иссиғи, қишнинг изғиринли кунлари қаттиқ келади. Гужум ёзда иссиқдан, қишда эса совуқдан, шамол ва ёмғирдан пана қилади. Ўқувчилар кунбўйи дарахтлар соясида юришади. Ташқаридаги ҳаводан гужум соясидаги ҳарорат 10-15 даража фарқ қилади.
Президентимизнинг яқинда гапирган гапларини эшитиб, жуда қувониб кетдим. Мактабимизда “Бир инсонга бир гужум” тадбирини бошладик. Муассасамиздаги 600 нафардан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчиларнинг барчаси ўзи учун дарахтлар экишди. Кузда яна шунча гужум кўчатлари маҳалла ва хонадонларга ўтқазилади. Гужум ёзнинг саратонида қуюқ соя бериб, офтоб нурини ўтказмайди. У карбонат ангидрид газини ютиб, кўп миқдорда кислород ишлаб чиқаради. Ноорганик чангларни тутиб, ҳавони ҳам тозалайди. Бу хусусияти билан воҳанинг кескин континентал иқлим шароитида ҳам инсоннинг ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари