Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Улан-Батор шаҳрига амалга оширган давлат ташрифи нафақат дипломатия ва халқаро сиёсат, балки ўзаро муносабатлар илдизлари қадим ўтмишга бориб тақаладиган икки халқ ўртасидаги гуманитар алоқалар соҳасида ҳам муҳим воқеа бўлди.
Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларациянинг имзоланиши нафақат сиёсий ва иқтисодий, балки гуманитар-маданий, илмий-маърифий алоқалар ривожида ҳам сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди. Бугун биз гуманитар дипломатия халқлар ўртасида дўстлик, ишонч ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасига айланиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз.

Мамлакатимиз ва Мўғулистон тарихини кўплаб маданий ва сиёсий ришталар боғлаб туради. Ўтмишда Мўғулистон ҳудудидан ўтган йўллар орқали нафақат турли маҳсулот ва буюмлар етказилган, балки билим, тил, диний ғоялар, адабий анъаналар алмашинуви ҳам амалга оширилган. Кейинчалик, Темурийлар даврида ушбу меросни ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида шаклланган туркий цивилизация доирасида маданий талқин этиш жараёни бошланди.
ХХ асрга келиб Ўзбекистон Мўғулистондан келган талабалар, мутахассислар, шифокорлар ва муҳандисларни қабул қилувчи марказлардан бирига айланди. Замонавий Мўғулистон давлатининг шаклланишида Тошкент олий ўқув юртлари ва илмий институтларининг ўрни катта. Бугун мустақиллик ва кенг кўламли ислоҳотлар даврида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ушбу йўналиши яна тарихий ва маданий бирдамликнинг муҳим тарқибий қисмига айланиб бормоқда.
Шу боис ҳам давлат ташрифи чоғида таълим масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий дунёда бу нафақат муҳим ижтимоий, балки давлатларнинг рақобатбардошлигини белгилаб берувчи стратегик омил ҳам ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат тиббиёт университети, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олиш истагидаги мўғулистонлик талабалар учун 30 та узоқ муддатли грантлар тақдим этади.
Олий таълим муассасалари дипломларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши юртимиз олийгоҳлари битирувчилари Мўғулистонда ва Мўғулистон олий таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар Ўзбекистонда касбий фаолиятини такрорий аккредитациядан ўтмаган ҳолда давом эттириш имконини беради. Мўғулистон Миллий университетида Ўзбек тили ва маданияти марказини очиш, шунингдек, Бухородаги академик институтлардан бирида Мўғулистон тарихи марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. 2026 йилдан бошлаб қўшма илмий конференциялар, ёзги мактаблар ва мобиллик дастурларини ташкил этиш белгиланди. Буларнинг барчаси Ўзбекистон ва Мўғулистон ёшларининг биргаликда ўқиши, умумий лойиҳалар устида ишлаши, илмий ва ижтимоий кўприклар яратишга қаратилган пухта ўйланган давлат сиёсати самарасидир.
Ўзбекистон ва Мўғулистон илм-фан соҳасида ҳам ўхшаш устувор йўналишларга эга. Иқлим ва экологик тадқиқотлар, археология, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва рақамли технологияларнинг ривожланиши шулар жумласидандир. Ташриф якунида Ўзбекистон Фанлар академияси ва Мўғулистон Фанлар академияси вакилларидан иборат Илмий ҳамкорлик бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузилди.
Шундай қилиб, маданий ва илмий алмашинув икки томонлама мулоқотнинг муҳим мавзусига айланди. Бугун айнан маданият манфаатлар, қўрқувлар ва сиёсий келишмовчиликлар ажратган жиҳатларни бирлаштиришга қодир. Улан-Баторда 2025-2028 йилларга мўлжалланган Маданий алмашинув дастурини тантанали имзолаш маросими бўлиб ўтганини алоҳида қайд этиш лозим. Мазкур дастур 30 дан зиёд чора-тадбирлар, шу жумладан, Мўғулистонда Ўзбекистон маданияти кунлари, Тошкентда Мўғулистон киноси ҳафталиги, фольклор ансамбллари — Ўзбекистоннинг “Мақом” ансамбли ва Мўғулистоннинг “Хумус” ансамблларининг қўшма концертларини ўтказишни ўз ичига олади. Бундан ташқари, Алишер Навоий асарларини мўғул тилига, Д.Нацагдорж, Бямбасурэн каби мўғул адабиёти классикларинининг асарларини эса ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этиш бўйича таклиф қўллаб-қувватланди.
Гуманитар соҳани ривожлантиришда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидламоқчиман. Ташриф чоғида Олий Мажлис ва Мўғулистон Мўғулистон Буюк Давлат Хуралида “Ўзбекистон – Мўғулистон” дўстлик гуруҳи тузилгани ҳақида маълум қилинди. Икки мамлакат парламентлари таълим, тил, илм-фан масалалари бўйича қўшма эшитувларни ўтказиш, маданий меросни асраш соҳасида қонунчилик бўйича тажриба алмашиш, БМТ ва ЮНЕСКО доирасида гуманитар ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш учун катта салоҳиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатлар ўзаро манфаат ва ҳурматга асослангани, гуманитар ҳамкорлик эса бу муносабатларни мазмун билан тўлдираётган мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётганини акс эттирди. Ҳар иккала мамлакатнинг қонун чиқарувчилари бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш билан бирга, ўзларининг парламентдаги фаолияти, фуқаролик жамияти ва илмли ёшлар билан мулоқоти орқали уларни кенгайтиришга ҳам қодирдир.
Н.Рашидова,
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси