Бекобод туманининг Қўқоний маҳалласида яшовчи Гулсанам Сидиқова ҳаётида оғир синовлардан ўтган ёшлардан бири. Ота-онасидан эрта айрилган ва ҳозир акасининг оиласи билан яшайди. Улар “Камбағал оилалар реестри”га киритилган бўлиб.
Ўтган йиллар давомида ўсмирлик даврининг табиий ички зиддиятлари, яқинларининг йўқлиги ва ҳиссий ички бўшлиқ Гулсанамнинг руҳий ҳолатига таъсир қилди. У ўзини ёлғиз, тушкун, ҳеч кимга керак эмасдек ҳис қила бошлади. Ўқишга бўлган қизиқиши пасайди, тенгдошлар билан мулоқотда қийинчиликларга дуч келди.
Аммо, Гулсанам ўзида куч топди. У Бекобод туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологи Меҳринисо Аҳмедовага мурожаат қилди ва бу унинг ҳаётидаги бурилиш нуқтасига айланди. Психолог билан олиб борилган индивидуал консультациялар жараёнида унинг руҳий-эмоционал ҳолати ижобий томонга ўзгара бошлади.
Бугун Гулсанам ҳаётга бошқача назар билан қарайди. Унинг қалбида орзулар уйғонди. Адабиётга ошно бўлди, ҳикоялар ёзишни машқ қила бошлади. Ахборот технологияларга ҳам қизиқиши отди. У келгусида айнан шу йўналишда ёшлар учун тўгарак очишни режалаштирди.
– Авваллари ичимдаги гапларни ҳеч кимга айтолмасдим. Мен учун бирор киши тинглаши, тушуниши жуда муҳим эди. Психолог Меҳринисо опа мени сабр билан эшитди. Ҳар бир суҳбатдан кейин енгил тортардим. Энди эса мен ёлғиз эмаслигимни, ўзимга ишонишим кераклигини англадим, – дейди Гулсанам Сидиқова.
Меҳринисо Аҳмедованинг таъкидлашича, ўсмир ёшдагилар билан руҳий ёндашувда ишлаш, уларнинг ички овозини эшитиш ва кўмак бериш энг муҳим воситадир. Гулсанамда кузатилган ўзгаришлар эса бунга ёрқин далил.
Гулсанам мисолида айтиш жоизки, ҳар бир ўсмирнинг юзага чиқмаган иқтидори бўлади. Вақтида берилган эътибор эса, уларни ёруғ келажак сари етаклайди.
А. Мусаев, ЎзА.