Яқинда Мисрнинг қадимий Қоҳира шаҳрида пара-пауэрлифтинг бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мазкур нуфузли мусобақада Гулистон туманининг “Юлдуз” маҳалласида истиқомат қилувчи Зиёда Боқижонова 50 килограмм вазн тоифасида иштирок этиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ва ўз вазни тоифасида олтин медални қўлга киритди.
Зиёданинг ғалабаси туфайли Ўзбекистон байроғи Қоҳира осмонида баланд кўтарилди. Бу фахрли дақиқа нафақат спортчи учун, балки унинг устозлари, ота-онаси ва бутун Сирдарё спорти жамоаси учун ҳам улкан шодлик бўлди.
Гулистон тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев ёш чемпионнинг хонадонига ташриф буюриб, Зиёда Боқижонова ва унинг оиласини жаҳон миқёсидаги бу ютуқ билан самимий табриклади. Ҳоким спортчига туман ҳокимлиги номидан эсдалик совғаларини топширди ва келгусида ҳам юқори натижаларни қайд этиши учун унга омад тилади.
– Зиёда каби иродали, меҳнатсевар ёшларимиз Ватанимиз шарафини жаҳон майдонларида муносиб ҳимоя қилаётгани — Сирдарё спорти ривожининг яққол ифодасидир, – деди Олимжон Жўраев.
Олтин медаль соҳибаси Зиёда Боқижонова ўзининг сабр-тоқати, интизоми ва ғалабага бўлган ишончи билан тенгдошларига ҳақиқий намуна бўлиб келмоқда. Унинг бу ютуғи эса нафақат Гулистон тумани, балки бутун Сирдарё вилояти ёшлари учун фахр ва илҳом манбаига айланди.
Ҳозирда Зиёда навбатдаги халқаро мусобақаларга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Энг муҳими — унда раралимпиадада ғалаба қозониб, Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтаришдек улуғ мақсад бор.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири