Гулистондаги хусусий мактаблар сони кўпайди
Гулистон шаҳридаги "Маданият" маҳалласида 160 ўринга мўлжалланган "ALIF" хусусий мактаби очилди. Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими, сенатор Акмалжон Маҳмудалиев, шаҳар ҳокимлиги, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасаддилари, фахрийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мактабда таълим жараёни давлат дастурига мувофиқ, икки — ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ҳозирча 1 синфдан 7 синфгача бўлган ўқувчилар қамраб олинади. Она тили, рус тили, инглиз тили ва математика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Синфлардаги ўқувчилар сони эса 15-20 нафарни ташкил этади.



Шунингдек, бошланғич синфларданоқ ўқувчиларга мантиқ, информатика, менталь арифметика, юқори синфларга мнемоника ва бизнес юритиш сабоқлари фан сифатида ўқитилади. Ўқувчиларнинг нонуштаси ва тушлиги учун ошхона, шунингдек, кутубхона ва тиббиёт хоналари ҳам ташкил қилинган. Бундан ташқари, логопед ва психолог хизматлари, мактабга тайёрлов, юқори синфларни йўналишлар кесимида олийгоҳларга тайёрлаш каби қўшимча хизматлар йўлга қўйилиши кўзда тутилган.



Ш.Суяров, Ш.Ортиқбоев (сурат), ЎзА