Гулистон шаҳри “Истиқлол” маҳалласида яшовчи Зебо Носирова турмуш ўртоғининг бевақт вафотидан кейин анча қийналиб қолди. Икки фарзанди билан ёлғиз қолган муштипар она умидсизлик гирдобига тушиб қолди. Иккинчи фарзанди ногирон бўлган Зебо Носирова кимга, қаерга ёрдам сўраб мурожаат қилишини билмасди.
Иложсизлик, умидсизлик исканжасидан уни ижтимоий ходим қутқарди. Зебо опанинг дардини эшитди, унга руҳий таскин берди. Йўл кўрсатди.
– Ўша куни биринчи марта эшитдим: “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази борлигини, – дейди Зебо Носирова.

Хуллас, улар ёрдамида Зебонинг оиласи “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. Ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда индивидуал ёрдам режаси ишлаб чиқилди. Бир нечта ижтимоий нафақалар тайинланди. Боласи ғамхўрлик гуруҳига жалб этилди. Шу билан бирга, руҳий қўллаб-қувватлаш учун психолог бириктирилди.
– Биз ҳар бир ҳолатга алоҳида ёндашамиз. Зебо опанинг аҳволи оддий эмас эди. Аммо керакли чоралар кўрилди. Давлатнинг асосий вазифаси — инсонга таянч бўлиш, – дейди ижтимоий ходим Икром Маҳкамов.

Давлат ва ҳомий ташкилотлар кўмагида Зебо опанинг хонадонига 10 киловатт-соатлик қуёш панели ўрнатилди. Бу нафақат барқарор электр таъминотини таъминлади, балки ортиқча энергияни давлатга сотиб, ойига 3–4 миллион сўмгача даромад келтирмоқда.
– Илгари фақат сарф-харажат ҳақида ўйлардим. Энди биринчи марта “даромад” деган сўзни ўз ҳаётимда қўлладим, – деб табассум қилади Зебо опа.
Бу мисол фақат бир оиланинг эмас, балки бутун ижтимоий хизматлар тизимининг самарадорлигини кўрсатади. “Инсон” марказлари, маҳаллий ҳокимият ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳаётда туб бурилиш ясаши мумкинлигини исботламоқда.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири