Гулистонда Қодирийни ёд этиб...
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабида буюк адиб Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги муносабати билан улкан анжуман бўлиб ўтди.
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактабида буюк адиб Абдулла Қодирийнинг 125 йиллиги муносабати билан улкан анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда давримизнинг энг забардаст мунаққидлари, шоиру олимлар, ёш ижодкору китобсеварлар иштирок этишди.

Дастлаб сўзга чиққан Иброҳим Ғофуров жумладан қуйидагиларни сўзлади: -”Мен бугун Гулистон ҳақиқий гулистонга айланганининг гувоҳи бўлдим. Устоз Абдулла Қаҳҳор Гулистонга келиб, шу ерда капа кўтариб, “Шоҳи сўзана” асарини ёзганида бу ерлар бийдай дашт, шамоли одамни учириб кетадиган чўлу биёбонлар эди. Умид қиламанки, Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби ўқувчиларининг ҳар бирининг столи устида Қодирий бобонинг беш томлик танланган асарлари туради, улар ҳар кун бу асарларни севиб ўқийдилар ва мутолаа қиладилар”.

Ижод мактаби ўқувчиларига Ҳалима Худойбердиевадай юксак иқтидорли шоира бўлишни, элга, юртга, миллатга чин дилдан хизмат қилишга шай ижодкор бўлиш кераклигини тилади.
Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий ҳозирги кунда Абдулла Қодирий уй музейи қилинаётгани, қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётгани, улуғ эҳтиром учун Қодирийлар сулоласи Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан ниҳоятда миннатдор эканлигини сўзлади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асадилло Холиқов меҳмонларга ва тадбир иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар ҳадя этди.
Муҳаммад Исмоил,
Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори