Гулчиликдан 20 миллион сўм даромад
Дастлаб Н. Жалолов ўз томорқасида гул уруғларини ундиришга киришганида кўпчилик унинг гулчиликдан даромад қилишига ишончсизлик билдирган.
Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё тумани “Уйшин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Нураддин Жалолов ўз томорқасида ихчамгина иссиқхона қуриб, гул экиб ҳар мавсумда фақат гулчиликнинг ўзидан 20 миллион сўм даромад қилади.
Дастлаб Н. Жалолов ўз томорқасида гул уруғларини ундиришга киришганида кўпчилик унинг гулчиликдан даромад қилишига ишончсизлик билдирган. Лекин, у биринчи йилданоқ сарф-харажатларини тиклашдан ташқари, анчагина фойда билан чиқди. Буни кўрган, билганлар ҳалол ва фидойи меҳнатнинг самараси юқори бўлишини англади.
Бундан 4 йил олдин ўз томорқасининг бир қисмида гулчилик хўжалигини юрита бошлаган Н. Жалоловнинг иссиқхонасида айни кунда 8 минг тупга яқин турли хил ифорли ва манзарали гул навлари мавжуд. Бу ишларда унга бутун оила аъзолари, айниқса, қизлари яқин кўмакдош. Ҳозирда оила аъзолари уйидан чиқмай, томорқа ишлари билан банд бўлиб, яхшигина даромад топмоқда.
Нураддин гулчиликни Омонбойдан ўрганган. Ҳозирда укаси Омонбой Жалолов ҳам гулчиликни ривожлантирган. Гулчилик хўжалиги орқасидан умр йўлдоши ва фарзандларининг барча орзуларини рўёбга чиқарди, хонадонини жиҳозлади. Унинг ҳам фақат гулчиликдан келадиган мавсумий даромади 20 миллион сўмга етади.
Айни кунда Омонбой Жалоловнинг хонадони томорқасида 15 минг тупдан зиёд гул навлари ўстирилмоқда. Томорқасида айни иш қизиган пайт. Гулчиликдан ташқари, сабзавот ва полиз экинларини ҳам экади. Бу ишларда ҳам оила аъзолари яқин кўмакдош.