Гулчилик бўйича тажриба мактаби яратилмоқда
Сирдарё туманидаги Илғор маҳалласида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш мақсадида гулчилик мактабини яратишга киришилди.
Бунинг учун маҳаллада етарлича шарт-шароит, ишчи кучи бор. Ушбу ҳудуд аҳолисининг катта қисми йил ўн икки ой иссиқхона хўжалиги билан шуғулланиб, кўчат, кўкат, бодринг, помидор, болгар қалампири, карам ва гул карам етиштириб бозорларимизнинг тўкин бўлишига ҳисса қўшиб келмоқда. Энг асосийси, улар меҳнатлари туфайли даромадли бўлишмоқда.

Энди улар қаторига бир-биридан чиройли, хушбўй гуллар етиштирувчилар ҳам қўшилади. Бу борадаги ишлар эса аллақачон бошлаб юборилган. Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар гулчиликка қизиқишининг ортиши Илғорда гулчилар мактаби шаклланишига сабаб бўлмоқда.
–Гулчилик сердаромад соҳа эканлигини биламиз, – дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Дилфуза Алиева. – Маҳалламиз фуқароси Баҳорой ая Нуртоева шу йўналишдаги фаолиятни йўлга қўйди. Унинг орқасидан уй қурди, тўйлар қилмоқда. Асосийси, ҳеч кимдан кам бўлмади. Қайтанга элнинг обрўли кишиларидан бирига айланди. Асосийси, у етиштираётган бир-биридан чиройли ва хушбўй гулларни нафақат Сирдарё вилояти, ҳаттоки қўшни вилоят бозорларида ҳам кўришингиз мумкин.

Бу борадаги ишларни нафақат Илғорда, тумандаги бошқа маҳаллаларда ҳам йўлга қуйиш, хотин-қизларнинг гулчилик соҳаси сир-синоати, экиш, парваришлаш, етиштириш ва бозорга чиқариш билан боғлиқ тажрибаларини орттириш, гулчиликка муҳаббатини ошириш, ушбу соҳадаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида Сирдарё туманининг "Илғор" маҳалла фуқаролар йиғинида каттагина ўқув-семинар ҳам ташкил этилди.
Гулчиликка бағишлаб ўтказилган ўқув- семинарга Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор" фахрий унвони совриндори Шарофат Нориева, мазкур туман Кенгаши депутати Нигора Асқарова ҳам қатнашди.

Улар гулчиликни ривожлантириш борасида Шароф Рашидов туманида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берибгина қолмай, тажрибалари билан ўртоқлашди.
–Дунёда аёл зоти борки, гул ҳам бор. Шу соҳага қуйган меҳрим, камтарона қилган меҳнатларим туфайли Юртбошимизнинг юксак эътирофига сазовор бўлдим, – дейди тадбиркор Шарофат Нориева. – Сизларда имконият бор, шарт-шароит ҳам. Бирозгина ҳафсала бўлса бўлди. Гулчилик соҳаси орқасидан ишли, ҳам даромадли бўласиз. Бу эса, оилангизга қўшимча даромад келтириб қолмай, менга ўхшаб эл эътирофига, ҳурматига сазовор бўлиб юришларингизга сабаб бўлади.

Гулчиликни йўлга қуйиш, ривожлантириш мақсадида ташкил этилган ўқув-семинарда туман хотин-қизлар фаоллари, ушбу соҳага қизиққан хотин-қизлар иштирок этиб, тажрибасини оширди.
Бу эса, ушбу маҳаллада Сайхунобод ва Уйчи туманлари тажрибалари асосида аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликдан чиқариш борасида олиб борилаётган ишларнинг узвий давоми бўлди.
Ўқув-семинар якунида гулчилик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар рўйхати ҳам шаклантирилди. Энди улар Илғор маҳалласидаги гулчилик сир-синоатини ўргатадиган мактабда ўқиб, ўзларининг тажрибасини орттиради. Бу эса уларнинг ҳам ишли, ҳам даромадли бўлишига шароит яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири