Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Президентимиз томонидан бир гуруҳ турли соҳа вакиллари юксак мукофотлар билан тақдирланди.
Шулар қаторида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гуландом Тоғаева II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди. Бу шарафли воқеа юзасидан шоира билан суҳбат уюштирдик.
Шоиранинг шу пайтгача “Чақмоқ хўрсиниқлари”, “Муҳаббат асри”, “Мен излаган кема”, “Ўн етти ёшлилар мамлакати”, “Сувайдога йўл”, “Ишқ ҳандасаси” каби шеърий тўпламлари нашр қилинди.
Шунингдек, “Матбуот ва тасаввуф”, “Миллий тафаккур поэтикаси қирралари” , “Эзгуликнинг бадиий инъикоси” номли рисолалари, “Тасаввуф адабиётининг ўзбек адабиётида ёритилиш масалалари”, “Тасаввуф адабиёти ва Фаридиддин Аттор ижоди”, “Ўзбек миллий уйғониш адабиёти: поэтик мазмун ва такомил” номли 3 та илмий монография ҳамда “Табиий фанларнинг замонавий концепцияси” дарслиги (ҳаммуаллифликда), “Илмий тадқиқот методологияси” номли ўқув қўлланмаси чоп этилган.
— Ҳар бир ижодкор ютуқларида болалик даврларининг ўрни беқиёс бўлади. Шу фикрга муносабатингиз.
— Дарҳақиқат шундай. Бугун ижодда эришаётган озми-кўпми ютуқларимда туғилиб ўсган қишлоғим, ота-онам, яқинларимнинг хизмати катта. Мен Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғида таваллуд топганман. Мен туғилган гўша тоғлар бағрида бўлиб, денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган. Ҳавоси шу қадар тозаки, нафас олсанг, бағринг яйрайди.
Булоқларидан оқаётган сув шу қадар ширин ва шифобахшки, ичсанг, дилингдаги бор заҳматлар арийди, кўнглинг қонади. Мен туғилган ҳовлидан баланд ва пурвиқор тоғлар қўр ташлаб туради. Ҳар ёмғир ёққанида тоғлардаги арча ва кавраклар ҳиди димоққа урилади.
Менинг орзуларим ҳам Вахшивор тоғларидай қўл етмас ва ниҳоятда юксак эди. Шу тотли туйғулар мени шеъриятга ошно қилди. Тинмай китоблар ўқирдим...
Болалигимда қоронғу кеча осмонида маржон-маржон бўлиб ёғду сочаётган юлдузларни томоша қилишни яхши кўрардим. Ўзимча юлдузлар билан сирлашар, болалик кунларимдаги яхши-ёмон воқеаларни уларга айтиб, дардлашар эдим.
Болалик инсон тафаккури ва дунёқарашининг шаклланишида катта ўрин тутади. Айниқса, фикру хаёли ижод билан банд бўлган шоир ёки ёзувчининг асарларида болалик хотиралари ҳамиша акс этиб туради.
—Мактаб, талабалик, ижоддаги катта қадамлар – барчасининг ортида устозлар ўгити, ҳаётий сабоқлари мужассам. Устозларингизнинг ҳаётингизда тутган ўрни ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
—1989-1994 йилларда Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида таҳсил олдим.
Дорилфунун остонасига илк бор қадам ташлаганимда, юрагимдаги чуқур зарбларнинг товуши ҳамон ёдимда. Баланд-баланд бинолар ичидаги муҳташам аудиторияларда ўзим севган касб сирларини ўргандим. Университетдаги таҳсил йилларим эса янада жўшқин, талабаликка хос воқеаларга бой кечди. Ғайбулла Саломов, Талъат Солиҳов, Нажмиддин Комилов, Назира Абдуазизова, Қудрат Эрназаров, Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, Файзулла Мўминов, Омонулла Мадаев каби ўз соҳасининг билимдонлари маърузаларини эшитдим, тинимсиз китоблар ўқидим.
Ўзимдан ҳам билимлироқ ва ўта иқтидорли тенгдошларимни кўриб уларга ҳавас қилдим. Курсимиз адабиётда, журналистикада жуда фаол, иқтидорли йигит-қизларни ўзида жамлаган эди. Биз илк бор чиройли шеър ўқиб таъсирланса, кўз-ёшини яширмайдиган устозларни кўрдик. Улар раҳматли Ғайбулла Саломов ва Тилак Жўралар эди.
Навоий ҳақидаги теран ва янгича нуқтаи-назарни илк бор шу аудиторияларда эшитдик. Бизга бу илмни Нажмиддин Комилов, Талъат Солиҳов ва Афтондил Эркиновлар ўргатишди. “Тасаввуф” сўзининг ҳақиқий маъносини, ҳаёт лаззати илмда ва ҳалолликда эканини шу дарсхоналарда билдик. Сабоқларимиз гоҳо шеърият мусобақасига ўхшар, гоҳо адабий танқид майдонига айланар эди. Устозларимиз Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, Назира Абдуазизова, Мухтор Худойқулов, Файзулла Мўминов, Ғуломхон Ғафуров, Қудрат Эрназаров, Шавкат Ибрагимовлар дарслари жуда қизиқарли, кўнгилга яқин эди. Улардаги чинакам одамийлик ва илмий теранликнинг қоришиқлиги бизни ҳайратлантирарди.
—Дарвоқе, сиз Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ҳам анча йиллар катта муҳаррир сифатида фаолият юритдингиз. Журналист сифатида тўплаган тажрибаларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.
— Бажонидил, бу ҳақда сўзлаш ҳар доим мен учун мароқли. Телерадиокомпаниядаги иш фаолиятим даврида мамлакат ва жаҳон саҳнида рўй бераётган муҳим сиёсий-иқтисодий, ижтимоий воқеа-ҳодисаларни мунтазам кузатдим, бу даргоҳда ҳам кўплаб устозларни кўрдим. Журналист сифатида ўзимни намоён этишга интилдим, касбий маҳоратимни оширдим. Камина муаллифлигида тайёрланган “Ассалом, Ўзбекистон!,” “Тараққиёт йўли”, “Табаррук замин”, “Эркин иқтисодиёт”, “Тараққиёт ва фаровонлик сари”, “Соғлом келажак”, “Aждодлар хазинаси,” “Шукрона”, “Илм қудрати”, “Саодатли умр” каби мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳа ҳамда жамият ҳаётини демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган туркум кўрсатувлар, шунингдек, “Халқ виждони” ток-шоуси, “Чироғи ёниқ уй”, “Сиз соғинган қўшиқ”, “Умрбоқий қўшиқлар” телелойиҳалари томошабинлар эътиборини қозонди.
“Маънавият дарғалари” рукнида тайёрлаган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Aбдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Қори Ниёзий, Aбдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Зулфия каби олим ва ижодкорлар ижодига бағишланган қатор фильмлар ойнаи жаҳоннинг олтин фондидан жой олди. Шунингдек, республикамизда яшаётган турли касбларда фаолият олиб бораётган зиёлилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи 400 дан ортиқ кўрсатувлар эфирга узатилди.
—Баъзан бир мисра шеър ёки битта асар инсон ҳаётининг бутунлай ўзгаришига сабабчи бўлади. Балки адабиётнинг боқийлиги ҳам шундадир?
—Бу холат менинг ҳаётимда ҳам содир бўлган. Моҳир сайёҳ ва олим Руал Амундсен ҳақидаги китоб бутун ҳаётимни ўзгартириб юборган. Қатъий кун тартиби, тинимсиз китоб ўқиш ва ҳаётда, мактабда ҳам фаол бўлиш, ахлоқ-одобда бошқаларга намуна бўлиш менинг асосий муваффақиятларим эди. Кучим-қувватим, ғайратим кўплиги юракда чексиз орзуларга ўт ёқарди. Ўн соатлаб мутолаа, ўқиш-ёзиш билан шуғулланардим. Тўрт-беш соат уйқу кифоя эди. Руал Амундсеннинг ҳаётидаги бу шиор менинг ҳам шиоримга айланган эди: “Илм, ирода, соғлик!”
—Ижодкор одам доимо изланишда бўлади, қанча кўп ўқимасин, ўрганмасин, ўзидан кўнгли тўлмайди. Сиз ҳам ҳаётингизга юксакдан туриб назар ташлаганда нималарни ҳис қиласиз?
—Ўз ҳаётимга юксакроқдан назар ташлаганда, улкан қониқмаслик кўраман. Ҳали шундай қутлуғ элу-юртга муносиб ҳеч қандай иш қила олмадим. Мен ҳамон йўлдаман. Болалик орзуларимнинг исмини, рангини, вазифасини шу кезлардагина яққол кўра олаяпман. Бир шеъримда ифодалаганимдек, шу тупроққа, юртимга муносиб бир фарзанд бўлиш энг олий истагим.
Мендан кўпнинг умиди бор,
Менда кўпнинг шиддати.
Келди энди шу тупроққа,
Лойиқ бўлиш муддати.
Шеърим, мендан вафо кўрмай,
Вафо қилган ҳамдамим.
Дилни ёққан бевақт қордан
Асраётган гулханим.
Гарчи дилда очилмаган
Лолаларнинг доғи бор.
Лекин ҳар бир шоирига
Элининг ардоғи бор.
Элим, сени дуо қилай,
Совимасдан қўл кафти,
Юлдузларни иситади,
Сенга меҳрим, дил тафти.
Кўзларингнинг туб-тубида
Чўлпонларнинг ҳасрати,
Бахт-ла сен эту-тирноқдир,
Бўлмас ани ажратиб.
Менда кўпнинг умиди бор,
Менда кўпнинг шиддати,
Насиб этса бас шу элга
Лойиқ бўлиш муддати...
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди.