Гулқоғозлар ишлаб чиқариш кўпаймоқда
Хоразм вилоятида бугунги кунда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 420 корхона фаолият юритмоқда.
Президентимиз 2019 йил 30 декабрь куни парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида йил якунлари сарҳисоби ва 2020 йилда амалга ошириладиган ишларга бағишлаб ўтказилган йиғилишда барча соҳаларда олдимизда турган муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Йиғилишда, хусусан, қурилиш-пудрат ва лойиҳа бозорини тартибга солиш, бу бозорда эркин рақобат муҳитини ва замонавий шаҳарсозлик меъёрларини жорий этиш, қурилишни арзонлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Хоразм вилоятида бугунги кунда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 420 корхона фаолият юритмоқда.
Ўтган йили вилоятда жами 188,4 миллиард сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобидан 51 лойиҳа ишга туширилиб, 375 янги иш ўрни яратилди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳисобидан 42,1 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари ташкил қилинган.
Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 2019 йилда 98 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, бунинг эвазига 4 миллион 900 минг доллар миқдорида валюта иқтисод қилинишига эришилди.
Янги ишга туширилган “New Best Style” масъулияти чекланган жамияти ҳам “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонаси нуфузи ортишига хизмат қилди. Йиллик қуввати 700 минг рулон бўлган ушбу корхонада турли ўлчамдаги гулқоғозлар ишлаб чиқарилмоқда.
Айтиш керакки, корхона ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич ошириб боради. Хусусан, 2020 йили умумий қиймати 6 миллиард 830 миллион сўмлик 490 минг рулон маҳсулот тайёрланади ва унинг 147 минг рулони экспорт қилинади. 2021 йилда 560 минг рулон гулқоғоз ишлаб чиқариш кўзда тутилган бўлиб, унинг 168 минг рулонини экспорт қилиш режалаштирилган. Корхона замонавий энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланган.
– Вилоят иқтисодиётига жалб этиладиган тўғридан-тўғри инвестицияларни кўпайтириш мақсадида Президентимизнинг “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш бўйича қароридан сўнг биз ҳам ўз лойиҳаларимизни таклиф қилдик ва дастурга киритилдик, – дейди “New Best Style” МЧЖ раҳбари Мансур Бекжонов. – Корхонамизда қурилиш ишлари икки йил давом этди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 30 фоизи, яъни 2,5 миллион долларлик гулқоғозлар хорижга экспорт қилинади. Айни пайтда замонавий ускуналар кунига икки ярим минг ўрамдаги гулқоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга.
Корхона фаолияти йўлга қўйилиши билан 100 дан ортиқ ишчи-хизматчи бандлиги таъминланди, уларнинг кўпчилиги ёшлардир.
Халқаро бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот турларини кўпайтиришда юртимизнинг турли ҳудудларида ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналарнинг алоҳида ўрни бор.