Грузия Бош вазири Технопаркда
ЎзА аввал хабар берганидек, Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили бошчилигидаги делегация 18-19 июль кунлари расмий ташриф билан юртимизда бўлиб турибди.
Ташриф чоғида делегация аъзолари Тошкент шаҳридаги Технопаркда бўлиб, мажмуа фаолияти билан яқиндан танишди. Грузиялик меҳмонларга у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган ушбу саноат мажмуасида умумий қиймати 365 миллион долларлик 17 та лойиҳа йўлга қўйилгани таъкидланди. Электрон газ ҳисоблагич, музлатгич, саноат кондиционерлари ва совутиш тизимлари, лифт ва эскалаторлар, сув насослари, эшик ва дераза ромлари учун аксессуарлар ясалаётгани айтилди.
[gallery-7956]
Биламиз, ушбу товарлар хорижий брендлар номида ва уларнинг назорати остида тайёрланиши боис харидоргир. Сифат ва нарх мутаносиблиги билан қўшни мамлакатлар бозоридан ҳам ўрин эгаллаяпти.
Мамлакатимизнинг саноат салоҳияти, маҳсулотларнинг кенг ассортименти ва сифати меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф давом этмоқда. Эртага – 19 июль куни икки томонлама кенгайтирилган музокаралар, грузиялик шоир Шота
Руставели ҳайкалининг қайта очилиш маросими бўлиб ўтади.
Б.Худойбердиев,
Н.Ҳайдаров (сурат),
ЎзА