Гренландия АҚШ тарихидаги энг йирик харид бўлиши мумкин
Газета таъкидлашича, икки юз йилдан кўпроқ вақт олдин Қўшма Штатлар Париж билан умумий майдони қарийб 2,14 миллион квадрат километр бўлган француз мулкларини сотиб олиш бўйича келишув тузган. “Луизиана хариди” номли келишувнинг бир қисми сифатида ўша пайт 15 дан ортиқ штат, жумладан Луизианани ўз ичига олган улкан ҳудуд Америкага берилиши ҳозирча мамлакат тарихидаги энг йирик битим ҳисобланади.
– Агар Гренландияни сотиб олиш режаси амалга ошса, бу Қўшма Штатлар тарихдаги энг йирик ҳудудий харид бўлади ва 1803 йил Америка ҳудудини деярли икки баробар кенгайтирган Луизиана харидини ҳам ортда қолдиради, – дейилган хабарда.
Қайд этилишича, ҳозир Дания таркибига кирувчи Гренландия ҳудуди 2,16 миллион квадрат километр. Агар Вашингтон Копенгаген билан келиша олса, бепоён орол қўлга киритилиши Президент Томас Жефферсон томонидан ўрнатилган рекордни янгилайди. Бу 1845 йил Мексикадан аннекция қилинган Техасдан икки баробар йирик ҳудуд. Шунингдек, 1867 йил Россия империяси АҚШга сотган Аляскадан ҳам каттароқ.
Аввалроқ Трамп Гренландияга эгалик қилиш “мутлақ зарурат” дея, Американинг Даниядаги янги элчиси этиб Швециядаги собиқ элчи, тадбиркор Кен Ховери тайинланиши ҳақидаги қарорига изоҳ берган эди. Душанба куни Гренландия Бош вазири Муте Эгеде жавобан орол сотилмаслиги, бу масала мутлақо кўтарилмаслигини таъкидлади.
Трамп Канадани ҳам Қўшма Штатлар таркибига киритишнинг афзаллигини айтмоқда.
– Ҳаммани Рождество байрами билан табриклайман, жумладан Панама каналини меҳр билан, лекин ноқонуний бошқараётган Хитойнинг ажойиб аскарларини ҳам, – деган Трамп. – Канада бизнинг 51-штатимизга айланса, бу юртдаги солиқлар 60 фоизга қисқарса, маҳаллий аҳоли даромади, бизнеси дарҳол икки баробар кўпаяди. Канада бизга қўшилса, дунёнинг бошқа ҳеч бир давлатида бўлмаган ҳарбий ҳимояга эга бўлади.
Бўлажак Президент Панама каналини ҳам АҚШ назоратига қайтармоқчи. Оқим орқали ўтиш учун белгиланган юқори тарифлар туфайли канални тезда Америка ихтиёрига қайтариш зарурлигини айтаркан, сиёсатчи Панама сув ҳавзаси савдо муносабатлари, шунингдек Атлантика ва Тинч океанларида ҳарбий-денгиз кучларни тезкор жойлаштиришда АҚШ учун муҳим аҳамиятга эгалигини эслатди. Табиийки, истак бир томон, ниятни амалга ошириш бошқа масала. Бинобарин, Панама Президенти Хосе Рауль Мулино CNN телеканалига берган интервьюсида Трампнинг канални қайтариш ҳақидаги баёнотини қўпол тарихий жаҳолатнинг намоёни, деб баҳолади.
– 31 декабрь куни канал панамаликлар қўлига ўтганига 25 йил тўлди, – деган етакчи. – Панама канали 1977 йил имзоланган шартнома асосида тўлиқ давлатимизга тегишли. Демак, мамлакат суверенитетига мувофиқ, музокара олиб борилмайди.
Панама ҳудудидан ўтадиган Марказий Америкадаги мазкур сунъий иншоот Атлантика ва Тинч океанларини боғлайди. Шу боис халқаро аҳамиятга эга жуда муҳим транспорт сув йўли ҳисобланади.
С.Раҳимов, ЎзА