“Green University” халқаро иқлим танлови ғолиби бўлди
Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида бўлиб ўтган “Яшил Евроосиё” халқаро иқлим танловида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) совриндор бўлди. Университет танловнинг “Иқлим соҳасида маърифат ва таълим” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. Танлов Стратегик ташаббуслар агентлиги томонидан Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда ўтказилди.
–Танловдаги ғалаба бутун Марказий Осиё минтақасини атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши соҳасида юқори малакали кадрлар билан таъминлашда ўзига хос аҳамиятга эга, – дейди экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. – Шуни алоҳида қайд этишим лозимки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Green University”да Марказий Осиё минтақасидаги долзарб экологик муаммолар, хусусан, иқлим муаммолари ечимини топишга катта эътибор қаратилмоқда.
– Ҳар бир ҳамжамият биргаликда ишлаши, билим алмашиши, янги технологияларни ишлаб чиқиш ва иқтисодиётга реал қўшимча қийматга эга бўлган ечимларни жорий этиши керак, – дейди БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси ижрочи котиби Саймон Стил йўллаган видеомурожаатида. – “Яшил Евроосиё” соврини лауреатлари айнан шу ташаббусларни амалга оширмоқда. Улар янада катта таъсирга эришишга хизмат қиладиган ўзгаришларни таклиф қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси сизнинг фаолиятингизни, шунингдек, Евроосиё иқтисодий комиссиясига аъзо давлатларнинг глобал иқлим кун тартибига қўшган ҳиссасини олқишлайди. Ўрнак бўлганингиз учун раҳмат. Бунинг шарофати билан биз янада барқарор ва фаровон дунё сари интиляпмиз. Жорий йилда танловга 12 мамлакатдан 300 дан ортиқ ариза келиб тушган. Ўзбекистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Эрон, Миср ва Индонезиядан иқлим бўйича 57 та энг яхши лойиҳа номинация бўйича ғолиб ва финалчиларга айланди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Green University” юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида янги билимларни татбиқ этиш ва фанлараро тадқиқотларни амалга ошириш, жаҳоннинг етакчи “яшил” университетлари томонидан қўлланиладиган илғор таълим дастурлари, инновацион педагогик услуб ва технологияларни ишлаб чиқиш, мослаштириш ва жорий этиш, илмий-тадқиқот ва амалий билимларни интеграция қилиш, хорижий, давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари, шунингдек Ўзбекистон, минтақа ва жаҳон илмий марказларини бирлаштирувчи самарали платформа яратишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА