Грант маблағлари муаммолар ечимига сарфланмоқда (+видео)
Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш йўлида таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловларда жойлардаги фуқаролик жамияти институтлари фаол иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритмоқда.
Фонднинг Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан эълон қилинган “Маҳаллаларда аҳоли билан олиб бориладиган ишларда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусидаги танловда Жондор тумани “Мирзаён” маҳалла фуқаролар йиғини “Ёшлар ўртасида тадбиркорлик кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятларни яратиш” лойиҳаси билан иштирок этиб, 60 миллион сўм грантни олганди.
– Лойиҳа доирасида маҳалла ҳудудида яшайдиган оғир тоифадаги ишсиз ёшлар аниқланиб, уларга эшик ва ромлар ясашни ўргатдик, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Озод Қувватов. – Ҳудуддаги шу соҳанинг устаси 19 ёшли Дониёр Қувватовга грант маблағларидан асбоб-ускуна олиб берилди. Айни кунда цех ташкил этилган бўлиб, бандлиги таъминланмаган ёшлар ҳунар ўрганмоқда.
[gallery-23113]
Шунингдек, фонд томонидан эълон қилинган танловларда “Тадбиркор аёл” Халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси Жондор тумани ҳудудий бўлими “Аёл ҳунари – оила бахти” лойиҳасида 170 миллион сўм, туманнинг “Қозикент” маҳалла фуқаролар йиғини “Маҳаллада яшил энергияга ўтиш бўйича хабардорликни ошириш” лойиҳасида 160 миллион сўм грант маблағлари ютиб олинган.
Лойиҳаларнинг ижроси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг масъуллари Халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан жойида атрофлича ўрганилди. Ўрганишлар натижасида лойиҳанинг мақсади, натижадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Жондор тумани ҳокимлигида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди Бухоро вилояти бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони юзасидан ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари вилоят ва Жондор тумани кенгаши депутатлари, вилоят, шаҳар Маҳаллалар уюшмаси масъуллари, ННТлар, туман маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Семинарда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият ҳаётида уларнинг фаоллигини янада ошириш, ижтимоий муаммолар ечимига қаратилган ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OhmW8VRssBc" title="Grant mablag‘lari muammolar yechimiga sarflanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари.