Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловларда 2022 йилда Бухоро вилоятидаги ННТлардан 13 тасига грант ажратилди.
– Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Буюк ипак йўли” Бухоро маданий-маърифий марказининг “Бухоро амирлиги қозихона маҳкамаси тарихи” номли лойиҳаси 70 миллион сўм маблағ билан молиялаштирилди, – дейди лойиҳа раҳбари, “Буюк ипак йўли” Бухоро маданий-маърифий маркази директори Исмат Наимов. – Мазкур лойиҳа Бухоро шаҳридаги Абдуллобеков кўчасида жойлашган “Қозихона” деб номланган XIX асрга оид маданий мерос объектида лойиҳа олди археология ишларини олиб бориш ва унинг натижаси ҳисобланган махсус илмий рисола нашр этишни назарда тутган. Лойиҳа доирасида 2022 йил 5 сентябрдан – 5 ноябрига қадар қозихона маданий мерос объектида тарих фанлари доктори, доцент археолог олим Жамолиддин Мирзааҳмедов раҳбарлигида археология ишлари олиб борилди. Куз-қиш мавсумида маданий мерос объектида табиий талофат етказилишининг олдини олиш мақсадида лой-сувоқ ишлари амалга оширилди.
2023 йилнинг 5-14 январь кунлари Тошкент шаҳрида илмий сафарда бўлиб, Ўзбекистон Миллий архиви, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Бухоро амирлиги қозилик маҳкамаси тарихига оид манбалар излаб топилди. Нашр этилиши режалаштирилган рисолада фойдаланиш режалаштирилди. Айни пайтда илмий рисола устида ишланмоқда. Грант лойиҳаси 9 ойга мўлжалланган бўлиб ишлар давом этмоқда.
–“Жаҳолатга қарши маърифат” деб номланган лойиҳамиз Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб – қувватлаш жамоат фонди маблағи билан молиялаштирилди, – дейди лойиҳа раҳбари Республика Маънавият ва маърифат маркази Вобкент тумани бўлинмаси раҳбари Нодир Рустамов. – Лойиҳа доирасида тақдимот ва буклетлар тайёрланди. Шоҳнигор, Халач маҳалла фуқаролар йиғинида китобхонлик тарғиботи тадбирлари ўтказилди, буклетлар тарқатилди.
Туман ҳокимлиги, диний ишлар қўмитаси, “Вобкент ҳаёти” газетаси таҳририяти, туман ахборот хизмати ва халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда лойиҳа ижроси юзасидан китобхонлик танлови тарғиботи бўйича тадбир ташкил этилди.
– Бухоро вилояти рус маданият марказининг “Миллатлараро бағрикенглик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш” мавзусидаги лойиҳаси грант ғолиби бўлди
– Лойиҳа доирасида фуқаролик, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлашга қаратилган фестиваллар, форумлар, танловлар, учрашув ва бошқа тадбирларни ўтказиш режалаштирилган эди, – дейди рус миллий маданият маркази раҳбари Наталья Чопонашвили. – Ҳар қандай муаммоларни фақат биргаликда, бирлашган ҳолда ҳал қилишимиз мумкин. Лойиҳанинг бош шиори “Биз турли миллат вакилларимиз, лекин биз бир халқмиз. Ҳаммамиз ўзбекмиз. Ватан билан олдинга!” деб номланган. Лойиҳа доирасида асосий мавзуни очиб берадиган бир қатор тадбирлар ўтказилди. Лойиҳа доирасида мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Шаҳар бўйлаб саёҳат” тадбири самарали бўлди. Рус тилини билмаганлар учун дастури бўйича давра суҳбатлари ўтказилди. “Масленица”, “Эсимда”, “Фaхрлaнaмaн” тадбирлари юқори савияда ташкил этилди.
Ғолиблар рўйхати Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг сайти ва бошқа ижтимоий тармоқларда эълон қилиниб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА