Ғозғон шаҳрида “Матбуот уйи” барпо этилмоқда
Президентимиз 2019 йил 12-13 март кунлари Навоий вилоятига ташрифи чоғида Ғозғон қўрғонида амалга оширилаётган ишлар билан танишган эди. Юртбошимиз ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кўрсатмалар бериб, Ғозғонга шаҳар мақомини бериш таклифини илгари сурган эди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорига мувофиқ, 2019 йил 3 майда Навоий вилоятида Ғозғон шаҳри ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида ҳудудда кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Йирик саноат корхоналари ишга туширилиб, янги иш ўринлари яратилди. Бугунги кунда бу ерда ижтимоий-иқтисодий соҳалар қаторида маънавий-маърифий соҳада ҳам қатор янгиланишлар, ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2021 йил 10 апрель санасида шаҳар рўзномаси – “Навқирон Ғозғон” газетасининг илк сони чоп этилди.
Бугунги кунда ҳар ойда 3 маротаба мунтазам нашр этилмоқда. Шаҳар марказида барпо этилаётган “Матбуот уйи” биноси эса ҳудудни комплекс ривожлантириш борасидаги яна бир муҳим лойиҳалардан биридир.
– Объект яқин кунларда фойдаланишга топширилади, – дейди “Навқирон Ғозғон” газетаси таъсисчиси, “Ғозғон полиграф сервис” МЧЖ раҳбари Элёр Эсанов. – Ушбу бинода таҳририят ва шу билан бирга кичик босмахона ҳам жойлашади. Ғозғонликлар матбуотга бефарқ эмас. Газета чоп этилаётган кундан буён аҳолининг бу борадаги фаоллигини кузатиб келяпмиз. Навоий вилоятида “Матбуот уйи” биноси мавжуд эди. Ғозғон шаҳридаги иккинчи марказ эса ОАВ ривожида яна бир муҳим қадам бўлади.

Отабек Аслонов,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси
Навоий вилояти бўлими раиси.
ЎзА