
Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Жоним каби севдим Ватанни!” номли маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, адабиётшунос олимлар Сувон Мели, Баҳодир Каримов, Қозоқбой Йўлдошев ва бошқалар ижод аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор уларнинг мудом масъулият билан фаолият кўрсатишга чорлаётганини таъкидлади.

Маълумки, Абдулла Шер (Шеров Абдулла) 1943 йил 5 августда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган. 1970 йилда ТошДУ - ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
Унинг илк шеърлар тўплами «Кўклам табассуми» номи билан 1973 йилда нашр этилган. Шундан кейин шоирнинг «Алёр» (1977), «Атиргул сояси» (1979), «Роз» (1980), «Куз ҳилоли» (1983), «Қадимги куй» (1987), «Нуқтадан сўнг» (1989), «Тоқат» (1997) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.
Абдулла Шер кўп йиллар давомида Ўзбекистон Миллий университетида этика ва эстетика кафедрасида самарали фаолият кўрсатди. Илмий ва ижодий фаолият билан самарали шуғулланаётган Абдулла Шер «Ахлоқшунослик» (2003) ўқув кўлланмасининг ҳам муаллифидир. Байроннинг «Дон Жуан» шеърий романи, Пушкин, Некрасов, Ахматова, шунингдек, немис шоирларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

–Чинакам шоир одамнинг кўнглини бутун қилади, – деди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Абдулла Шер ўз битиклари билан одамларга гўзаллик, адолат, ҳақиқатни, бахтли ва сурурли туйғуларни ҳадя этадиган ижодкордир. Унинг шеърлари китобхонни гўзалликни ахтаришга ундайди. Абдулла ака йўқ жойдан бир дунё гўзаллик топа оладилар. Айни пайтда у ғамни одам, одамни ғам кўринишида тасвирлашдек маҳорат соҳиби ҳамдир.
Адабий анжуманда шоирнинг ижод йўли хусусида батафсил сўз юритилди. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Шер ижодига бағишланган адабий анжуманлар Тошкент вилоятида, мактабларда, олий ўқув юртларида, кутубхоналарда ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилаётгани алоҳида таъкидланди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири